Бугун Республика махсус комиссияси ахбороти эълон қилинди. Унда масжидлар фаолиятига ҳам қисман рухсат берилгани айтилган. Ахборотда намоз сафлари қандай бўлиши ва жума намози бўйича ҳам маълумот берилган.
Махсус комиссия ахборотида айтилишича, 2020 йил 5 июндан бошлаб, “яшил” ҳудудлардаги масжидларда намозхонлар оралиқ масофани 1.5 метр сақлаган ҳолда намоз ўқишга рухсат этилади. Саф ўринлари махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратилади. Жума намози ва бошқа жамоавий тадбирларга эса ҳозирча рухсат йўқ.
Энг асосийси, диний ташкилотлар биноларининг доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлашлари лозимлиги қайд этилган.
Шунингдек, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 °С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда масжидларга киритилмаслиги алоҳида таъкидланган.
Намозхонлар тиббий ниқобда бўлишлари шарт.