Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш, васила деб аталади”.
Васила дуонинг мақбул бўлиш даражасини кўтариш мақсадида қилинади.
Васила қилиш бандадаги муҳаббатнинг, Аллоҳ таолога далолат қиладиган нарсаларни улуғлашининг аломати ҳисобланади. Зеро бундай иш Қуръони каримда қалбларнинг тақвосидан экани айтилган:
وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ
Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг тақвосидандир
Чунки қилинган амаллар қалбдаги тақвога далолат қилади.
Шу ўринда васила қилиш восита қилиш эмаслигини, ундан тубдан фарқ қилишини билиб қўйиш лозим. Чунки банда ўзининг қалбидан ўтказаётган нарсаларини ҳам билиб турувчи Зотга восита орқали муножот қилмайди, балки васила қилади. Шу маънода Аллоҳ таолодан васила қилиб сўраш восита қилишдан қуйидаги жиҳатлардан фарқ қилади:
1. Восита қилиш ҳаққи поймол бўлган кишининг бирор кишини ёки бирор нарсани ўртага солиб золимдан адолат сўраши маъносида ишлатилади. Васила қилишда эса ўртага бирор нарсани восита қилиб Аллоҳ таолодан адолат сўраш маъноси йўқдир. Балки дуонинг мақбул бўлиш даражасини ошириш учун Аллоҳ таоло ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилишдир.
2. Восита қилиш икки тараф ҳам манфаатдор бўладиган нарсага нисбатан ишлатилади. Масалан, бир шахс бирор нарсани восита қилиб иккинчи шахс орқали ишини битказиб олса, иши битганидан кейин унга миннат қилиши ҳам мумкин бўлиб қолади. Чунки у ҳам бу ишдан озми-кўпми манфаат кўрган бўлади. Васила қилишда эса фақатгина бир тараф, яъни банда манфаатдор бўлади. Зеро Аллоҳ таоло бандаларидан манфаат кўришдан олий бўлган Зотдир.
3. Восита қилишда бир тараф иккинчи тарафга у билмаган нарсани кимдир ё нимадир ёрдамида билдиришга ҳаракат қилади. Васила қилишда эса ошкора ва махфий барча нарсаларни билгувчи Зотга Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилинади.
Шунинг учун васила қилувчида ушбу тушунчалар ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозимдир.
Қуръони каримда васила ахтаришга буйруқ келган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ
“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтаринглар”
Ушбу оятнинг тафсирида Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу оят Аллоҳга исён қилишдан сақланиш билан Унга муқарраб бўлишга урининглар” маъносини англатади”, деган.
Мана шу қараш бизнинг васила қилиш ҳақидаги эътиқодимиздир. Аллоҳ таоло барчаларимизни мусаффо этиқод билан яшаб, унинг самараларидан дунёю охиратда баҳраманд бўлиш бахтига муваффақ қилсин.
Кармана тумани “Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов