“Такфир” тушунчаси
“Такфир” тушунчаси

Бугунги суҳбатимизни ҳам ислом ақидасига бевосита боғлиқ бўлган мавзуга бағишлаймиз. Суҳбатимизда ислом оламида аянчли оқибатларга сабаб бўлаётган, жаҳолат туфайли фитналарга замин яратаётган “такфир” тушунчасини мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўтамиз. “Такфир” тушунчаси  “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً

яъни: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”
(Нисо сураси 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу  ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

"‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ"

(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ"

(رَواهُ الإمامُ البُخاري عن ثابتٍ بنِ الضَحَّاكِ رضي الله عنه)

яъни: “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا 

яъни: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир (Нисо сураси 93-оят).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги мушҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر؛ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا؛ إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ، وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ"

رواه الإمامُ مسلم عن عبدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه

яъни: “Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).

Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар “Хавориж” фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади”, – деди. Бора-бора “Хавориж”ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган иши бўлмай қолди. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.

Афсуски, ҳозирги кунда ҳам “Хавориж” фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғамлари” йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарига кўра, “Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир бўлиб кетган” (Аллоҳ асрасин!).  Буларнинг бу “фатвоси”нинг пуч экани Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ яъни: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз” деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.

Машҳур саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди:

هَلْ كُنْتُمْ تُسَمُّوْنَ شَيْئاً مِنَ الذُّنُوبِ كُفْراً أَوْ شِركاً أَوْ نِفَاقاً؟ قَالَ: مَعَاذَ اللهُ، وَلَكِنَّا نَقُولُ: مُؤْمِنِيْنَ مُذْنِبِيْنَ

яъни: “Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У зот: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз” дедилар” (“Мажмаъуз завоид ва манбаъул фавоид” китоби).

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا

яъни: “Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг “Ал-Ақида ат-таҳовия” асарида шундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ

яъни: “Машҳур ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш-шифо” китоби).

Аммо ҳозирги  кундаги адашганлар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, – дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига тамомила зиддир.

Ўтган асримизнинг забардаст олими Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ бир мақолаларида қуйидагиларни ёзадилар: “Мен саҳобаларнинг замонларини ўргандим, улардан бирортасининг гуноҳ қилган кимсани кофирга чиқарганларини кўрмадим. Тобеинларнинг даврларини текширдим, уларнинг ичларида “Мўътазила”, “Жаҳмийя”, “Хавориж” ва бошқа фирқалар бўлишига қарамасдан, улар ҳам ҳеч кимни гуноҳи сабабли кофирга чиқармаганлар. Энди ҳозирги кундаги ҳар бир гапида мусулмонни кофирга чиқараётган кимсаларга нима дейиш мумкин. Улар: “Биз саҳоба ва тобеинларга эргашамиз”, деган даъвони кўтарадилару, лекин қилаётган ишлари асло саҳоба ва тобеинларнинг амалларига тўғри келмайди. Улар мусулмонни кофирга чиқаришни худди бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган тасбеҳ сингари кўп ишлатадилар”.

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушиниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар

  وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ

яъни: “Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!” (Бақара сураси 152-оят) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар. Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир” деганлар.

Бу каби мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин. Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.

 

Кармана тумани “Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби      А.Ҳакимов

O'xshash maqolalar
Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли...
Monday, August 15, 2022 5:27 AM
Муҳтарам ватандошлар!Мана шу файзли дамларда Ер юзидаги жами мусулмон уммати қатори қалби шукуҳга тўлиб турган сиз, азизларни – нуроний отахон ва онах...
Friday, July 8, 2022 7:08 PM
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.Ажал ҳам,...
Friday, June 10, 2022 11:50 AM
Биз олдинги мақолаларимизда ваҳҳобий-салафийлар ва бемазҳаб тоифалар манбаларнинг замонавий нашрларини амалга оширар эканлар, айрим ҳолларда хиёнат йў...
Tuesday, February 15, 2022 9:50 PM
Дуо қилиш асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёки бошқа бир улуғ зотларнинг номларини айтиб, уларнинг ҳурматидан шу дуонинг мустажоб б...
Tuesday, February 15, 2022 4:13 PM
Darhaqiqat, inson hayoti bir necha bosqichlarga bo‘linadi. Bu bosqichlar ichida umrning yoshlik bosqichi alohida ahamiyatga egadir. Yoshlik insonning...
Monday, January 31, 2022 4:15 AM
XX – XXI asrlarga kelib turli xil diniy oqimlar soni ko‘payib ketdiki, bizning tinch va osuda diyorimizda ham uning salbiy ta’siri biroz kuchaydi. Bun...
Monday, January 31, 2022 3:58 AM
#TабрикВатан ҳимояси йўлида фидоий бўлайлик! Аллоҳ таоло барчаларимизга беҳисоб неъматлар берган. Мана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири &n...
Thursday, January 13, 2022 10:35 PM
Ibratli kitoblar
«Ҳадис ва Ҳаёт»
«Ҳадис ва Ҳаёт»
Файл ҳажми: 0.35 MB
Кўчириб олиш
sahifalar
sahifalar
Файл ҳажми: 0.13 MB
Кўчириб олиш
Фиқҳ
Фиқҳ
Файл ҳажми: 0.14 MB
Кўчириб олиш
Developed By Usoft