“ОВОЗИНГИЗНИ МАЙИН ҚИЛМАНГИЗ (эй, аёллар!)”...
“ОВОЗИНГИЗНИ МАЙИН ҚИЛМАНГИЗ (эй, аёллар!)”...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аёлларга «Виқор ила уйларингизда ўтиринг» дея амр этиб, ҳар бир муслимани маликалар мақомига кўтарган, «Рўмоллари ила кўксиларини тўссинлар» дея буюриб, мана шу сатр ила уларни турли паст баланд, бад назарлардан тўсган, «Овозингизни майин қилманг, токи қалбида марази бўлганлар тамаъ қилиб қолмасин» дея ҳатто уларнинг овозларигача номаҳрамлардан қизғониб, мукаммал ҳимоя, мукаммал дахлсизлик ила таъмин этган Аллоҳ таолога Ўз улуғлиги қадар ҳамдлар бўлсин!

«Биллурларга эҳтиёт бўлинг» дея умматни огоҳлантириб, аёлларнинг биллур каби нозик жисми, биллурдек қимматбаҳо иффати,  биллур каби шаффоф қалбини эҳтиётлаш, асрашга чақирган, ўз аёллари ва уммат аёлларини кўз қораси каби авайлаб, уларга энг аъло муомалада бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин.

Бугун жуда узоқ вақтдан бери кўнгилнинг бир четида туриб, ора сира оғриқ бериб келаётган айрим масалаларда мулоҳазалар билдиришни ният қилдик. Аллоҳ таолодан хайрни, ўқувчи ва эшитувчилардан уни англашда тўғри фаҳмли бўлиш, турли томонларга тортиб, ўзларича таъвил қилиб, беҳуда гап-сўзлар чиқариб юбормасликларини сўраб қоламиз. Хуллас, мавзу – аёл қизларнинг турли давраларда нашидалар айтиши, уни тасмага ёзиб, халққа тақдим этиши ва айтилган нашидаларига клиплар суратга олиш масаласи. Тавфиқ Аллоҳ таолодан...

«Нашид» деб овозни бироз кўтариб, оҳанг билан сайқаллаб, шеър ёки қофияли гапларни куйга солишга айтилади.

Бугунги кун истилоҳида Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, саловот ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат маъносидаги матнларни куйлаш, рамазон, Қуръони карим, Макка ва Мадина шаҳарлари ва шу каби Ислом шиорлари тўғрисидаги қўшиқлар нашида деб аталадиган бўлди.

Шариатимиз эркак ва аёлларнинг номаҳрамлар бўлмаган ўзаро давраларида кўнгилни ёзиш учун нашид айтишга рухсат берган. Аёллар никоҳ куни келинчаклар учун, ийд кунлари нашид айтишлари, эркаклар эса, сафарларда, ғазотларда, оғирроқ меҳнат чоғида кўнгилни кўтариш мақсадида шижоатга ундовчи байтларни оҳанг билан айтишлари жоиз. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Ҳассон ибн Собит, Омир ибн Акваъ, Анжаша розияллоҳу анҳумнинг ўз шеърларини оҳангга солиб айтиб берганларини мисол қилиш мумкин. Хандақ қазиш чоғида очлик ва чарчоқни унутиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам қофияли қилиб гапирганлари тўғрисида ривоятлар бор.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг ташна ва ҳолсизланиб қолганимизни кўриб

«Аллоҳим, охират ҳаётидан ўзга ҳаёт йўқдир

Ансор ва муҳожирларни Ўзинг мағфират қил» дедилар. Бунга жавобан асҳоблари:

«Биз Муҳаммадга байъат қилган кишилармиз

Модомики тирик эканмиз, жиҳод қилишга» дейишди».

Ибн Абу Шайба ҳасан санад ила Абу Салама ибн Абдурраҳмондан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари шалпайган, нофаол, заиф кишилар эмас эди. ўзаро мажлисларида шеърларни куйлар ва бу орқали ўзларининг жоҳилиятдаги ишларинининг нечоғлик ёмон бўлганини айтиб, уни инкор этардилар.»

Юқоридаги ривоятлар нашид айтиш жоиз эканига далил бўлади.  Бунинг ўзига яраша шартлари бўлиб, унга амал қилиш талаб этилади.

1. Ашулачилар фойдаланадиган турли чолғу асбобларидан фойдаланмаслик;

2. Нашидачиликка берилиб кетиб, уни ривожлантириш мақсадида кўп вақтини унга сарфлаб юбормаслик. У сабаб фарз ва вожиб амаллардан чалғиб қолмаслик.

3. Нашид матнида фосиқона ва кишини ёмон ҳисларга солувчи сўзлар, аёл кишиларнинг овози аралашмаслиги;

4. Нашидлар айтилиши худди фисқ аҳли бўлган ашулачиларнинг қўшиқларига ўхшаб қолмаслиги;

5. Нашид айтувчи кишининг овози ашулачиларники каби товланиб, қойиллатиб ижро этмаслиги;

6. Нашидхонликни касб ва санъат қилиб олиб, у билан алоҳида шуғулланмаслик.

7. Нашид тинглаб турган кишида ашулачиларнинг қўшиғини эшитганда пайдо бўладиган ҳислар, овоз ва мусиқадангина таъсирланиб қолиш ҳолати юз берадиган кўринишда ижро этмаслик. Мана шу ҳолат бугунги нашидларда энг кўп учрайди.

Мусиқанинг мукаммаллиги, овозларнинг оранжировкаси, айтилиш услубида ашулачиларга хос профессионаллик яққол кўриниб турган нашидалар айтилганда, тингловчи нашид маъносига эмас, унинг ижросига мафтун бўлиб қолади.

Энди бевосита мавзуга қайтсак. Бу борада кўплаб фатволар, кибор уламоларнинг фикрлари, умумий қарашлар биҳоли қудрат ўрганиб чиқилди. (Қизиқувчилар бўлса, ҳаволалар, китобларни тавсия қилишимиз мумкин. Зарур бўлса, мазкур фатво ва маълумотларни таржима ҳам қилинади, иншааллоҳ.)Аёлларнинг нозланган, товланган, профессионал даражада оранжировка қилинган  нашидалар айтишига ҳеч қандай йўл билан рухсат берилмаган. Рухсат берганлар эса, бир нечта шартлар қўйган бўлиб, бу шартларнинг бирортаси бугунги нашидхон аёл қизларда топилмайди. Юқорида бу шартлар айтиб ўтилди.

Аёлларнинг куйлаши, уни ёзиб олиниши, оммага, хоссатан НОМАҲРАМ ЭРКАКЛАРГА тақдим этилишида учта катта фиқҳий масала бор:

1 Аввало, аёлнинг куйлаши. Намоз вақтида номаҳрам имом адашганида, жамоатдаги кишилар эшитиши ҳисобга олиниб,луқма беришдан ҳам қайтарилган муслималар, ҳеч заруратсиз саҳнада туриб олиб куйлаши мантиққа тўғри келадими?

2 Иккинчидан, аёллар овозини жиҳозга ёзиб олинишининг ўзи катта бир баҳсли масала. Тўғри овозда, наҳий мункар, амри маъруф, илм бериш мазмунида бўлса, жоиз. Модомики, эшитган одамда фитналаниш, овозга маҳлиё бўлиш кузатилмаса. Аммо, нашидалар айтиб, агар уни номаҳрамлар кўрадиган, тинглайдиган бўлса, билиттифоқ жоиз эмас.

3 Учинчидан, заруратсиз аёл кишининг сурати, видео тасмага ёзилган кўринишини номаҳрамлар кўриши мутлақ жоиз эмас! Хўш, бизнинг муҳтарама нашид айтувчи қизларимизнинг куй қўшиқлари шаръий зарурат ҳисобланадими?

Тарихга назар солсак, саодат асрида ўз шарафи, номуси, қадр қимматини қадрлаган бирорта саҳобиянинг нашид айтиб, саҳобаларга эшиттирганларини учратмаймиз. Бу иш билан инсон сифатида қиймати бўлмаган, ҳатто авратини ёпиш ҳам фарз бўлмаган чўрилар, жориялар шуғулланган. Ҳатто абу Жаҳл ёки Абу Лаҳабга ўхшаш разил кимсаларнинг на хотинлари на қизлари бундай иш қилганини билмаймиз. Наҳотки бугунги кунда ҳур бўлган, ихтиёри, эрки қўлида бўлган муслималар, қадим қул чўрилар, жориялар қилган ишни қилса? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига, ҳукман уммат муслималарига амр ўлароқ нозил бўлган «Майин сўз қилманг» оятиасри саодат аталмиш бир замонда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламу саҳобалар даврида нозил бўлди. Жаннатий экани маълум зотларгаки майинроқ товуш таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган экан, бугунги қалби қотган, марази нафақат ботини, балки зоҳиринида қорайтирган кишилар замонида қандай қилиб фитнадан омон қолган ҳолда куйлай олиш мумкин?

Агар самимий қалб илауларга бироз танқид, тўғрироғи аслиятни эслатсангиз, биз Исломга хизмат қилмоқдамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат пайдо қиляпмиз, деган баландпарвоз даъволарни қиладилар. Юзсизликни қаранг! Аллоҳ ва расули қайтарган амал ила уларга хизмат қилишар экан. Ажиб! Нима, динимизга хизмат қилишнинг бундан кўра осонроқ, ҳавойи нафсга ёқадиганроқ, енгил елпи йўли бошқа топилмадими? Сизларнинг фойдангиз нечоғли билмадим, бировдан эшитмадим ҳам, аммо зарарингиз аниқ тегяпти. Сизлардан таъсирланган, куйлашга қизиққан қизалоқларимиз Қуръон ҳифз қилишга эмас, нашид айтишга рағбат қилиб, баъзан чалғиб, оқсаб қолмоқдалар. Бу факт. Сизлар овозингизни отарчилар каби минг мақомга солиб, кишининг ҳисларини қитиқлаб, шуни эри бормикан, эри бўлмаса, ўзим икки, уч ё тўрт қилиб олардим, деган хаёлларни келтириш ила динни азиз қиламан, динда азиз бўламан деб хомтамаъ қиласизми? Менинг ўзим гувоҳман, бу гувоҳликни ҳар икки дунёда ҳам бера оламанки, икки эркак кишининг «Буни овози шунақа бўлса, ўзи қанақа нарса экан», деб бадбўй сўзлар айтганига. Шуми динимга хизмат? Шундоқ ҳам зино арзон, аёллар арзон, кўзни тийиш ҳақидаги ҳадислар топталган бир разил замонда сизларнинг ишингиз мутлақ ортиқча!

Сизлар ўзингизга далил қиладиган жория ҳадисини, гарчи шарҳларини аввал ўқиган бўлсам-да, янада қунт ила қайта-қайта, кўплаб шориҳлар тилидан ўқидим. Аввало, жория деб балоғатга етмаган қизалоқларга айтилади. Иккинчидан, улар битта Оиша онамиз учун махсус куйлаб туришган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келиб, индамай орқа ўгириб, кийимлари ила ўраниб олиб ётиб олишлари ҳам бунинг марғуб иш бўлмаганини кўрсатиб турибди. Аввало,  У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қизалоқларни эшитмадилар, иккинчидан, байрам бўлгани учун Оиша розияллоҳу анҳонинг кўнгилларига қараб, индамадилар. Аммо, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг келиб қаттиқ зажр қилишларининг ўзиёқ бу ишнинг дуруст амал эмаслигини кўрсатиб қўйди. Хўш, хонимлар, қай бирингиз балоғатга етмаган қизчасиз? Қай бирингиз чўрисиз? Қай бирингиз фақатгина аёллар учун куйламоқдасиз? Жавоб бера олмайсизлар!

Яна бир машҳур гапингиз «Агар тақво қилсангиз, тингламанг!» Ишонинг, сизларни ўзини билган бирор киши тингламайди, қулоғи шайтоний музикага ўрганиб, куй-қўшиқ эшитмаса тура олмайдиган бўлиб қолган,  энди-энди динни тушунишга уриниб юрганлардан бошқа.

Аввалига шунчаки давраларда айтилган нашидалар, кейинроқ овозли тасмага ёзиб тарқатилди. «Ривожланиш» янада авж олгач, видеоларга оина бошлади. Энди эса, артистлардан ниамиз кам, улар беҳуда, гуноҳкор қўшиқчи, биз эса Ислом хизматидамиз, деб боре дея клипларга туша бошладинглар. Бу нимаси? Бошингизга гулчамбар тақиб, боғмаа боғ югурасизлар, бир қараса, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазрат нима орзулар, гўзал ниятлар ила қуришни бошлаган Аллоҳ таолонинг уйини павильон қилиб, гуруҳингиз билан клип оласизлар... Балки тўхтарсизлар? Балки етар?!

Усулул фиқҳ фанида «Балвойи омма» қоидаси бор. балвои омма экан деб асли ҳаром бўлган амалларни ҳалоллаш, Аллоҳ сақласин, иймонга хатари бўлган ишлардан бўлади. Нашиданинг  аёллар томонидан айтиб, эркаклар эшитиши асли ҳаром амал. Динга қўшиқ айтиб хизмат қиламан дейиш, рухсатларга эргашиб эргашиб, охири иймонда мусибатланиб қолмасликка ким кафолат беради? Буни Исломга даъват қиламан деган ниятда маъжусийга турмушга чиқиб, уни Исломга киритаман деган таги пуч даъводан нима фарқи бор?

Агар одамлар ашуласиз бир нима бўлиб қоладиган, Исломга ПУТУР ЕТИБ, УЛУҒЛИГИ ШУ АШУЛАСИЗ НУҚСОНГА УЧРАБ, МУСУЛМОНЛАР ТАРАҚҚИЁ ТОПМАЙ қолар экан, бўлди, ишни ўз эгалари бўлмиш машшоқлару, ашулачиларга беринглар, қойиллатишади. Мана, биттагина рамазон ҳақидаги қўшиқни неча қайталаб, неча кишилаб айтиб ётишибди бечоралар. Майли, замон тақозоси дея куйлаш шарт экан, бундай паст вазифани бугунги муслималар тимсоли бўлиб турган, олий ислом билим юртларида таҳсил олаётган, мақоми улуғ даргоҳда камарбаста бўлиб турган рўмолли қизлар эмас, ашулачилар бажара қолишсин. Уларга ҳам нон пули, ҳам «ДИНГА ХИЗМАТ» бўлиб қолар эди.

Айтар бўлсак, гапимиз кўп. Аммо, ҳар нарсанинг мухтасари гўзал.  Сўзим охирида Аҳмад ибн Ҳанбалнинг бир гапини келтирай: «Агар киши чўри сотиб олсаю, кейинчалик унинг куйловчилик одати борлигини билсанг, бу айбли чиқди, қайтиб ол деб эгасига беришингиз ва пулингизни қайтиб олишингиз жоиз. Чунки муғаннийлик айб саналади»

Бу гапларни ёзган банда икки уч хил мусиқа асбобини чала олувчи, Навоий, Машраб, Фузулий, Мухлис ғазалларини кичик оилавий давраларда маромига етказиб айтиб берадиган аёлларнинг боласи, жияни, набирасидир. Уни санъатни тушунмайдиган бир нодон деб билмангиз. Шеърият, мусиқанинг фарқига борган, аммо номаҳрам тугул, маҳрам эркаклар ҳам эшитмайдиган аёллар даврасида, келин туширар базмларида кўнгил ёзиб улғайган бир динқардошингизнинг сизга айтарлари эди булар.

П/С:

Далиллар керак бўлса, биизниллаҳ, уларни тақдим этимиз.

Муаллифлар жамоаси

O'xshash maqolalar
(У зот) ҳеч бир ихтилофсиз барча пайғамбарларнинг имомидирлар ва барча (ёмон сифатлардан) холи бандаларнинг нуқсонсиз тожидирлар.Ўший раҳматуллоҳи ала...
Wednesday, September 27, 2023 11:24 AM
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, лекин такосур (яъни мо...
Friday, December 16, 2022 9:17 AM
Замонамиз бемазҳабларининг “муҳаддис”и саналадиган Носир Албоний таниқли олим Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-Улвв” асарини қисқартири...
Friday, September 23, 2022 9:53 AM
Бу илмнинг мақсади диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва ундаги шубҳаларни рад қилишдир. Эътиқод қилиши лозим бўлган ишларда мусулмонни тақ...
Wednesday, August 17, 2022 7:31 AM
Bugun Sohibqiron Amir Temur tavalludining 688 yilligi munosabati bilan, bundan taqriban 28 yil oldin marhum Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf qalami...
Monday, August 15, 2022 5:53 AM
Hozirgi kunda muqaddas islom nomidan har xil oqimlarning o‘zlarini jozibador ismlar bilan nomlab olib, go‘yoki to‘g‘ri yo‘lni da'vo qilib, g‘araz maqs...
Sunday, August 14, 2022 3:40 AM
Ma’lumki, Alloh taolo bandalarining hidoyati uchun insonlarning ichidan payg‘ambarlarni tanlab oldi. Ular orqali o‘zining hukumlarini odamlarga yetkaz...
Friday, July 29, 2022 6:12 AM
Qurbonlikning ta’rifiQurbonlik Alloh Taologa yaqinlik hosil kilish uchun so‘yiladigan jonliqdir. Qurbonlik bir nechta xil bo‘ladi: Qurbon xayiti kuila...
Friday, July 8, 2022 6:33 AM
Ibratli kitoblar
«Ҳадис ва Ҳаёт»
«Ҳадис ва Ҳаёт»
Файл ҳажми: 0.35 MB
Кўчириб олиш
sahifalar
sahifalar
Файл ҳажми: 0.13 MB
Кўчириб олиш
Фиқҳ
Фиқҳ
Файл ҳажми: 0.14 MB
Кўчириб олиш
Developed By Usoft