Бу илмнинг мақсади диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва ундаги шубҳаларни рад қилишдир. Эътиқод қилиши лозим бўлган ишларда мусулмонни тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Энг асосий мақсади, тўғри ақида билан икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир
Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:
«У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».
Ақоид илмини аҳамияти
Эътиқод барча илоҳий динларнинг тамалини, асосини ташкил этади, чунки у замонлар ўтиши билан ўзгариши мумкин бўлган ҳукмларга ўхшамайди. Балки, у Одам алайҳиссаломдан бошланиб, қиёматгача ўзгармай турадиган тушунчадир. Шунинг учун ҳам унга амал қилиб келаётган катта оқим «Аҳли суннат ва жамоат» деб номланган. Бу жамоа аъзолари суннийлик эътиқодидаги ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳабларини ҳақ деб билади. Улар Ақоид илмининг икки буюк имомлари Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом АбулҲасан Ашъарий асос солган ақидавий таълимотларга амал қилади.
Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон албатта соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунё ва охират саодатига муваффақ қилсин.