Замонамиз бемазҳабларининг “муҳаддис”и саналадиган Носир Албоний таниқли олим Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-Улвв” асарини қисқартириб, ўз одатидагидек ундаги ривоятларнинг саҳиҳ ёки заифлиги ёхуд мавзуълигига махсус эътибор қаратган асарида юқорида келтирилган “ал-Асмо ва-с-Сифот”даги ривоятнинг “тахриж”ини қилар экан, унинг ровийларини ёлғончиликда ва заифликда айбланганини айтиб, فكان الواجب على المصنف أن يبين ذلك – “Мусаннифга мана шуни баён қилмоқ вожиб эди!”, дейди. Бироқ, юқоридаги “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан келтирилган ривоятни “тахриж” қилар экан, “Мезон ал-эътидол”даги Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳнинг ровийни улуғлаши, илмини ҳурмат қилиши ҳақидаги маълумотни ва мақтовни келтиради, холос. Ундан кейинги маълумотларни учта нуқта қўйиш билан келтирмай қўя қолади (Қаранг: Ҳофиз Шамсиддин аз-Заҳабий. Мухтасар ал-Улвв ли-л-Алийй ал-Ғаффор / Албоний нашри. – Дамашқ: ал-Мактаб ал-исломий, 1981. – Б. 135-136).
Аслида, Албонийнинг ўзи айтганидек, бу ерда ҳам ровийнинг қандай мақомдалигини – мана шуни тўлиқ баён қилмоқ вожиб эди! Зотан, “Мезон ал-эътидол”да Албоний келтирмаган жойида Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳни “жарҳ” қилинган. Яъни, ривоятларининг заиф ва олинмаслиги қайд қилинган. Жумладан, Ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ кабилар уни заиф деб билганлар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ эса: “Ундан бирор нарса ривоят қилинмаслиги керак!”, деган бўлсалар, Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадислари тарк қилинади!”, деганлар. Ибн Адий раҳимаҳуллоҳ эса: “У очиқ-ойдин заифдир. Ривоят қилганларининг кўпчилигига эргашилмайди!”, деганлар. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ мазкур асарининг учинчи жилдида унинг бир ҳадисни тўқиб чиқарганлигини аниқ айтганлар. Албоний эса нимага бу маълумотларни яширган?!
Ҳадисшуносликда олтин қоида бор: “Жарҳ ва таъдил” қоидасида, “жарҳ” эътиборлироқ бўлади! Яъни, ровийларнинг саҳиҳлигини, адолатини, ривоятдаги мақомини текширилганда, уларга қилинган ишончлар эмас, таъналар устунлик қилади. Бинобарин, Албоний юқоридаги биринчи ривоятни ўзи ёлғонлигини айтиб қўйганидан сўнг, “Ровийнинг ҳолини баён қилмоқ вожиб эди!” деб катта гапириб қўйганидан кейин иккинчи ривоятнинг ҳам асил ҳолини билдириб қўйишдан қочганлигини нима деб тушуниш мумкин?! Агар унинг ҳам ёлғонлиги ва заифлигини айтиб қўйса, ўзлари кўтариб чиқаётган ботил ақидага одамларни ишонтириш қийин бўларди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам биз айтган гапни айтганлар, деб бемазҳаблар доимо келтираверадиган гапларни ёлғонга чиқарган бўлиб қоларди-да! Шунинг учун Албоний “Мезон ал-эътидол”даги гапларни тўлиқ келтирмасдан, гапни бошқа томонларга буриб узоқ гапиришига тўғри келган.
Мазкур жойда учинчи ривоят ҳам бор. У “ал-Муқниъ” муаллифи Ибн Қудома ал-Мақдисий (541-620 ҳ./1146-1223 м.) раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган.Унда айтилишича, гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Кимки Аллоҳ азза ва жаллани осмондалигини инкор қилса, кофир бўлибди!”, деган эмишлар (Қаранг: Ҳофиз Шамсиддин аз-Заҳабий. Мухтасар ал-Улвв ли-л-Алийй ал-Ғаффор / Албоний нашри. – Дамашқ: ал-Мактаб ал-исломий, 1981. – Б. 137).
Ҳатто “Саҳиҳи Бухорий” каби олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламларини ҳам “тахриж” қилиб чиқишга журъат қилиб, бирма-бир улар ҳақида ўзича баҳо бериб чиқишдан эринмаган Албоний мазкур ривоят борасида лом-мим демай ўтади. Аслида, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ “Исбот сифат ал-Улвв” асарида: “Менга етказилишича, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “Фиқҳ ал-акбар”да бундай деган эканлар”, деб ривоятни келтирганлар (“Исбот сифат ал-Улвв”, 1/116). Бу мазмундаги гап “Фиқҳ ал-акбар”да эмас, “Фиқҳ ал-абсат”да келганини юқорида баён қилиб бердик. Шунингдек, мазкур ривоят: “Менга етказилишича” деб келтирилган. Бу хилдаги ривоятлар “мудаллас” ва “мунқатеъ” деб баҳоланиши лозим! Яъни, кимлар томонидан етказилгани айтилган эмас, ровийлар силсиласида узилиш бор. Бу эса шубҳанинг ортишига олиб келади. Зотан, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ билан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўрталарида камида 300 йиллик масофа мавжуд. Бу маълумотларни Албоний нимага келтирмаган?!
Манба: Ahlisunna.uz
Кармана тумани “Жалоир”
жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов