ИМОМ АБУ ЖАЪФАР ТАҲОВИЙ БУЮК МУҲАДИС АЛЛОМА
ИМОМ АБУ ЖАЪФАР ТАҲОВИЙ БУЮК МУҲАДИС АЛЛОМА

Тарихдан маълумки,  юртимиздан илм-фаннинг турли соҳаларида бўлганидек, диний фанларнинг энг муҳимларидан саналмиш ҳадисшунослик соҳасида ҳам юзлаб муҳаддис алломалар етишиб чиққанлар.Ана шундай мўътабар муҳаддис уламолардан бири, шубҳасиз Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ал-Аздий ал-Ҳажрий ат-Таҳовий  ҳазратларидир. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ал-Аздий ал-Ҳажрий ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ 229 йилда Мисрнинг юқори қисмидаги Таҳийа деб номланган мавзеъда туғилганлар. «Китоб ал-ансоб» муаллифи Самъонийнинг  фикрича  Мисрнинг Таҳо қишлоғида туғилганлар.  321 йил 5 зулқаъда (933 йил 27 октябрь)да Мисрда вафот қилиб   Қарофа қишлоғида дафн қилинганлар.

Аллома бошқа илмлар билан бир қатордаҳадисшунослик соҳасида алоҳида маҳорат касб қилганлар. Аллома Жалолиддин Суютий  «Ҳусн ал-муҳозара» асарида Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳни ҳадис ҳофизларидан бири, ҳадис ривоятида ишончли ва маҳкам зот, фақиҳ, ундан сўнг унга ўхшаши чиқмаган, Мисрдаги ҳанафийларнинг бошлиғи каби мақтовлар билан зикр қилган.

Алломанинг машҳур асарларидан бири "Шарҳу Маъонил осор" китоби бўлиб, мазкур асар қадимдан ва ҳозирда ҳам олимларнинг эътиборини ўзига тортиб келган. Унга турли даврларда олимлар томонидан шарҳлар, мухтасарлар, тахрижлар ва баёнлар ёзилган. Улардаги рижолларнинг таржимаи ҳолларига бағишланган катта-катта асарлар битилган. Уларда  келтирилган ҳадисларнинг тахрижлари қилинган.

Аллома ёшлигидан ўткаир зеҳнли, кучли қуввайи ҳофиза эгаси бўлган. Тенгдошлари ичида ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва фаҳмининг тезлиги, Қуръони каримни пухта ёдлаши ила ажралиб турган.  Имом ат-Таҳовийга Қуръони каримдан бошланғич илм берган ва ёзишни ўргатган устози Имом Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амрдир. Қуръони каримни тўлиқ ёд олган аллома отасининг    илм ҳалқасида иштирок этиб, фиқҳдан дарс олади. Шунингдек, Абу Жаъфар ат-Таҳовий тоғалари, яъни оналарининг укаси шофеъий мазҳабининг машҳур фақиҳи Исмоил ибн Яҳё ал-Музаний (791-877) раҳимаҳуллоҳ ҳузурида ҳам дастлабки илмларни ўзлаштирадилар.

Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ аввалда шофеъий мазҳабида бўлиб, кейин эса ҳанафий мазҳабига ўтадилар ва ҳанафий фақиҳларидан мужтаҳиди мунтасиб даражасигача етадилар. Бу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнингшогирдлари Абу Юсуф (731-798) раҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад аш-Шайбоний (749-805) раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг табақаси эди. Баъзи тадқиқотчилар уни учинчи табақа фақиҳлари қаторига қўядилар.

Кейинчалик Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ юртининг энг таниқли фақиҳи, мушкул саволларга жавоб берувчи иқтидор соҳиби, мунозараларда ҳанафийликнинг энг кучли ҳимоячиси бўлиб етишадилар.

Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ фиқҳни асосан Абу Жаъфар Аҳмад ибн Имрон (ваф. 280/893) раҳимаҳуллоҳдан оладилар. Сўнг Шомга сафар қилиб, қози ал-қузот Абу Ҳозим Абдулҳамид ибн Абдулазиз (ваф. 292/905) раҳимаҳуллоҳ олдида ҳам таҳсил оладилар. Бу қозикалон ҳанафий олими Муҳаммад аш-Шайбоний (749-805) раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан Исо ибн Аббон (ваф. 221/835) раҳимаҳуллоҳнинг шогирди эди. Яна Ҳорун ибн Саид ал-Ирбилий (IX аср иккинчи ярми) раҳимаҳуллоҳдан ҳам сабоқ олганлар.

Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ, айниқса, ҳадисшунослик соҳасида маҳорат касб қиладилар. Мисрда жуда кўп муҳаддислардан ҳадислар тинглаб, имло қилади ва ҳифз қилиб оладилар. У зотнинг ҳадис соҳасидаги устозларидан Али ибн Маъбад ибн Нуҳ ал-Бағдодий (ваф. 259/873) раҳимаҳуллоҳ, Ҳорун ибн Саид ал-Ийлий (787-867) раҳимаҳуллоҳ, Юнус ибн Абдулаъло Абу Мусо ас-Садафий (787-877) раҳимаҳуллоҳ, Рабиъ ибн Сулаймон ал-Муаззин ал-Жийзий (797-869) раҳимаҳуллоҳ, Абу Бакра Баккор ибн Қутайба ал-Бакровий (798-884) раҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад ибн ал-Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Сулаймон ал-Ҳазрамий (817-910) раҳимаҳуллоҳ, Баҳр ибн Наср ал-Хавлоний (798-880) раҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад ибн Хузайма (838-924) раҳимаҳуллоҳ каби ишончли ҳадис ровийларини кўрсатиш мумкин.

Алломадан жуда кўп асарлар мерос қолган бўлиб, улар орасида .  «Шарҳ маъоний ал-осор» номли асарлари алоҳида ўрин тутади. Ушбу мўътабар асар  аҳкомга оид ҳадислар шарҳига бағишланган мўътабар асар саналади. Хусусан, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган, баъзилар уларнинг баъзиси-баъзисига зид келади, деб гумон қилган  ҳадисларга бағишланган. Муаллиф унда уларнинг носих-мансухини, муқаййад ва мутлақларини айтган. Шунингдек, уларга амал қилиниш-қилинмаслигини ҳам баён этган. Бадриддин Айний: "Ушбу китобга инсоф билан қараган киши унда кўплаб бошқа машҳур ҳадис тўпламларига йўл кўрсатувчи иршодларни топади. Бу нарса озгина таммул ва мулоҳаза билан кўзга кўринади. Фақат, жоҳил ва мутаассиб кишиларгина буни инкор этади. Бу китобнинг фиқҳни ҳосил қилиш йўлида назири ва ўхшаши йўқдир, зотан уни мутолаа қилган киши фиқҳга йўл топади ва фиқҳни эгаллашга малака ҳосил қилади. Гарчи бу гап кўпчилика ёқмаса ҳам шундайдир", деб айтган.  

Ибн Ҳазм аввал икки саҳиҳайн, сўнгра Саъид ибн Саканнинг асари, сўнгра Ибн Жоруднинг Мунтақоси, Қосим ибн Асбағнинг Мунтақоси зикр қилгач Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг  "Шарҳу Маъонил осор" ини зикр қилади.

Каттоний эса  "Шарҳу Маъонил осор" ни зикр қилгач, шундай дейди: "Бу  боб ва китобларга тақсим этилган улуғ китоб бўлиб, унда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган, аммо баъзилар назарида уларнинг баъзиси баъзисига зид келади, деб гумон қилинган  аҳодиси набавияларнинг носих-мансухлари, муқаййад ва мутлақлари ва уларга амал қилиш лозим бўлганлари билан бирга баён этилгандир".

"Шарҳу Маъонил осор" китоби қадимдан ва ҳозирда ҳам олимларнинг эътиборини ўзига тортиб келган. Унга турли даврларда олимлар томонидан шарҳлар, мухтасарлар, тахрижлар ва баёнлар ёзилган. Улардаги рижолларнинг таржимаи ҳолларига бағишланган катта-катта асарлар битилган. Уларда  келтирилган ҳадисларнинг тахрижлари қилинган. Араб ва ҳинд диёрларида бир неча марта нашр этилган. Асарда муаллиф мазҳаблар орасидаги фикрларни ҳадис ва саҳобалар ривоятлари орқали ҳамда муаллифнинг қиёсий фикрлари билан келтирилган ва ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ қарашларини илгари сурган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аллома Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий ҳанафий фиқҳига оида ҳадисларни атрофлича ўрганган, ўзи ҳам ушбу мазҳабга қаттиқ боғланган ҳанафий муҳаддис аллодир. Бинобарин, узотниг асарларини, хусусан, машҳур  "Шарҳу Маъонил осор"ини атрофлича ўрганиш тўрт мўътараф мазҳаблар ичида машҳури бўлмиш ҳанафий мазҳабининг фиқҳи ва бу мазҳаб мужтаҳидлариниг ижтиҳодий ҳукмлари ҳадисларга нечоғли мувофиқ эканини кўрсатибгина қолмай, ушбу мазҳабга муҳаббат ва самимиятни зиёда қилади.

Раҳматуллоҳ Файзуллаев.

Фарғона вилоят, Марғилон шаҳар

"Робия ҳожи она" масжид имом-хатиби

O'xshash maqolalar
(У зот) ҳеч бир ихтилофсиз барча пайғамбарларнинг имомидирлар ва барча (ёмон сифатлардан) холи бандаларнинг нуқсонсиз тожидирлар.Ўший раҳматуллоҳи ала...
Wednesday, September 27, 2023 11:24 AM
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, лекин такосур (яъни мо...
Friday, December 16, 2022 9:17 AM
Замонамиз бемазҳабларининг “муҳаддис”и саналадиган Носир Албоний таниқли олим Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-Улвв” асарини қисқартири...
Friday, September 23, 2022 9:53 AM
Бу илмнинг мақсади диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва ундаги шубҳаларни рад қилишдир. Эътиқод қилиши лозим бўлган ишларда мусулмонни тақ...
Wednesday, August 17, 2022 7:31 AM
Bugun Sohibqiron Amir Temur tavalludining 688 yilligi munosabati bilan, bundan taqriban 28 yil oldin marhum Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf qalami...
Monday, August 15, 2022 5:53 AM
Hozirgi kunda muqaddas islom nomidan har xil oqimlarning o‘zlarini jozibador ismlar bilan nomlab olib, go‘yoki to‘g‘ri yo‘lni da'vo qilib, g‘araz maqs...
Sunday, August 14, 2022 3:40 AM
Ma’lumki, Alloh taolo bandalarining hidoyati uchun insonlarning ichidan payg‘ambarlarni tanlab oldi. Ular orqali o‘zining hukumlarini odamlarga yetkaz...
Friday, July 29, 2022 6:12 AM
Qurbonlikning ta’rifiQurbonlik Alloh Taologa yaqinlik hosil kilish uchun so‘yiladigan jonliqdir. Qurbonlik bir nechta xil bo‘ladi: Qurbon xayiti kuila...
Friday, July 8, 2022 6:33 AM
Ibratli kitoblar
«Ҳадис ва Ҳаёт»
«Ҳадис ва Ҳаёт»
Файл ҳажми: 0.35 MB
Кўчириб олиш
sahifalar
sahifalar
Файл ҳажми: 0.13 MB
Кўчириб олиш
Фиқҳ
Фиқҳ
Файл ҳажми: 0.14 MB
Кўчириб олиш
Developed By Usoft