Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: ”Эй Муҳаммад! Иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат)келмай туриб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!”
Ҳақиқаттан ҳам бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Ваҳоланки, эҳсон қилинган киши ҳам ўзига қилинган яхшиликдан севинади, дилида сизга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Шу тариқа жамиятда кишилар орасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади. Энг асосийси кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ сизга уни зиёдаси билан қайтаради. Қуръони Каримда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар ҳам баён этилади. ”Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хохлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”.
Қарангки, Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб ато этиш мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсоннинг эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Муҳтожларга хайр -саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкам боғланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини орттиришга, дунёвий ишларини ривож топишига хизмат қилади. Зеро, Юксак хулқ қуйидаги ўн хислатдан иборатдир:
1.Саховат 2.Ҳаё 3.Ростгўйлик 4.Омонатдорлик 5 .Камтарлик 6.Хамиятлик 7.Шижоат 8.Ҳалимлик 9.Сабр 10.Шукр (Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу)
Ўтган пайғамбарлар қатори жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларида юқоридаги юксак хулқнинг барчаси мужассам эди. Сахийлик ва карамлилик жиҳатларини қуйидаги ҳадиси шарифда саҳобалар шундай таърифлашади. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг яхшиси, одамларнинг энг сахийи ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”, дейилган. (Имом Бухорий ва муслим ривояти) Шу ўринда яна бир ҳадиси шарифга эътибор қилсак, Жобир розийоллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда асло ”йўқ” демаганлар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифларида эҳсон, садақа қилувчи сахий инсонларни Аллоҳга маҳбуб бандалар деб таърифлаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта,сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: ”Набий солаллоҳу васаллам яхшилик қилишда инсонларнинг энг саховатлиси эдилар, ул зотнинг энг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил у зот билан учрашган пайтлари бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунча у зот билан ҳар кеча учрашар эди. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўтқазиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда у зот эсган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эдилар. (Имом Бухорий ривоят қилган)
Ҳа, Рамазон ойи саховат ойидир. Кўпчилигимиз зиммамизда фарз бўлган молиявий ибодат закот ибодатини ҳам Рамазон ойида адо қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу улуғ ойда хайр-саховат кўрсатишда закотнинг ўзи билан чекланиб қолмаслигимиз лозим чунки закот мажбурий ибодатдир. уни адо қилсак зиммамиздаги мажбуриятни адо қилган бўламиз холос. Аллоҳ таолога суюкли бўлиш учун эмас, мажбуриятдан ташқари нафл эҳсонлар ҳам қилишими лозим бўлади. Мол-мулкимиз аллоҳ таолонинг омонати бўлиб унинг ҳақиқий эгаси ҳам аллоҳ таолонинг ўзидир. Шунинг учун Қуръони Каримда Аллоҳ таоло ўз бандаларини эҳсон қилишга буюрганида “Биз берган молдан эҳсон қилинглар“ деб бизнинг қўлимиздаги мол-мулкнинг ҳақиқий эгаси эканини билдириб қўйган. Қуйидаги оят шундан далолат қилади: ”У сизларни халифа (ўринбосар)қилиб қўйган нарсаларда (бойликлардан)эҳсон қилинглар!” (Ҳадид сураси 7-оят )
Жами гўзал ахлоқлар ҳам, инсонга ҳаёти давомида шаклланади. Сахийлик ҳам бошқа гўзал ахлоқлар сингари касб қилиниб, кўриб-ўрганиб орттириладиган хислат ҳисобланади. Фарзандларга сахий бўлишни ўргатиш керак, ёшлар бошқалардан саховатни ўрганиши лозим. Озиқ-овқат саховатнинг энг афзали ҳисобланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: ”Иймон ва ислом (га алоқадор амаллар)нинг афзали нима?” деб саҳобалар кўп сўрашар эди .у зоти шариф: ”Итъом ут-таом“ (“овқат едириш”) деб, унга кўп бора даъват қилганлар .
Диёримиздаги барча мўмин мусулмонлар интиқиб ихлос ва эътиқод билан фарз амалларини адо этадиган муборак Рамазони шариф ойининг рўзаларини тутиш насиб этган кунлардамиз, биламизки, Рамазон ойи бу,хайр-саховат, меҳр-муҳаббат ва мурувват ойидир. Рамазон ойида битта қилинган савобли амал эвазига бир неча баробар савоб кўпайтириб бериладиган ой ҳисобланади. Шу сабабли инсонлар мана шу ойда қўлдан келганича кўпроқ савобли амаллар қилишга уринадилар. Рамазон ойи саховат ойи экани маълум Пайғамбаримиз Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари Рамазон ойида ҳаддан ташқари ортар, саҳобалар уни селга ўхшатар эдилар.
Ҳеч кимга сир эмаски, Сирдарёлик ватандошларимизнинг бошига тушган синовли кунлар, Сардоба сув омборида тўғон бузилиб, сув тошиб чиқиши натижасида кўплаб юртдошларимиз уй-жойсиз қолдилар. Туманимизнинг фаол инсонлари, Туман маҳалла ва оилани қўллаш жамоат фонди, имом ва отинойилар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссаларини қўшиш учун беғараз ёрдам қўлини чўздилар. Маҳаллаларимизда ҳам Сирдарёга юбориш учун кўрпа–тўшак, кийим–кечак,озиқ-овқат маҳсулотларини жўнатдилар. Имконияти бўлган кўплаб тумандошларимиз бу ишда фаол иштирок этиб, бирлашдилар. Бу қилинган хайрли ишнинг замирида бизнинг ўзбеклигимиз ва бизга хос бўлган меҳр ва сахийлик мужассам...
Саховат ва сахийликда танилган Умар ибн Убайдуллоҳ кунларнинг бирида йўлга чиқди. У йўлда кетаётиб бир боғнинг ёнидан ўтди. Унинг ичида бир қул бола девор ёнида овқатланиб ўтирар эди. Шу пайт йигитнинг олдига бир ит келди, бола итга ҳам бир луқма бериб ўзи ҳам бир луқма ер эди. Умар ибн Убайдуллоҳ уни нима қилаётганига қараб ўтириб, ундан: ”Бу сенинг итингми?-деб сўради. Шунда бола: ”Йўқ”–деди. -Нима учун бу итни ўзинг еганинг каби едирмоқдасан?-деди. -Мен овқат есамда уни овқатимга шерик қилмаётганимни кўриб қолишларидан ҳаё қиламан, -деди.Бола бу жавоби билан Умарни лол қолдирди, -Сен ҳурмисан ёки қулми?-деди. -Мен шу боғнинг эгасининг қулиман, -деди бола. Бу воқеадан кейин Умар жўнаб кетди ва бир оздан кейин қайтиб келдида, -Эй йигит,хурсандлик хабарини бергин, Аллоҳ сени озод қилди. Ушбу боғ энди сенинг мулкингдир, -деди.Бола розилик ва шодликда, -Мен, ушбу боғ меваларини шаҳар камбағалларига атаб, сизни унга атаб гувоҳ қиламан, -деди. Умар бундан ажабланиб, -Ўзинг муҳтож ва камбағал бўлишингга қарамасдан шундай қиласанми? -деди. Шунда бола иймон ва ишонч билан: -Аллоҳ менга сахийлик қилсаю, мен у нарсада бахиллик қилишдан ҳаё қиламан! -деди.
Ато қилиш, розилик ва қаноатнинг энг чўққи кўринишига бир эътибор беринг! Аллоҳ сизларнинг ҳам қалбингизга розилик нурини, ҳис туйғуларингизга иймон ҳаловатини, жисмларингизга тана офиятини,қулоқларингизга Қуръон эшитиш роҳатини ва тилларингизга Аллоҳ зикрини жойласин!
Қизилтепа туман
бош имом хатиби: Завқиддин Орипов