Дуо иймоннинг энг чиройли кўриниши, Аллоҳга муножот ва ибодатдир. Дуо банданинг Роббига юксалиши ва Роббининг унга ато қилган раҳматининг тимсолидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», дедилар».
(Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар).
Раҳмати чексиз бўлган Роббимиз Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман». (Ғофир сураси, 60- оят).
Ҳаётимиз дастури амали бўлган Қуръони Каримда улуғ пайғамбарларнинг Роббимизга қандай дуо қилишгани баён қилинган. Пайғамбарларнинг дуолари Аллоҳдан нима сўрашимиз ва қандай дуо қилишимиз учун бизга ўрнакдир.
Одам алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنفُسَنَا وَإِن لَّمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْننَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ»
«Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз» (Аъроф сураси, 23-оят).
Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ أَنْ أَسْأَلَكَ مَا لَيْسَ لِي بِهِ عِلْمٌ وَإِلاَّ تَغْفِرْ لِي وَتَرْحَمْنِي أَكُن مِّنَ الْخَاسِرِينَ»
«Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳим кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўлурман» (Ҳуд сураси, 47- оят).
Лут алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ نَجِّنِي وَأَهْلِي مِمَّا يَعْمَلُونَ»
«Эй Роббим, менга ва аҳлимга қилаётган нарсаларидан нажот бергин!» (Шуаро сураси, 169- оят).
Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ اجْعَلْنِي مُقِيمَ الصَّلاَةِ وَمِن ذُرِّيَّتِي رَبَّنَا وَتَقَبَّلْ دُعَاء»
«Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин» (Иброҳим сураси, 40- оят).
Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ قَدْ آتَيْتَنِي مِنَ الْمُلْكِ وَعَلَّمْتَنِي مِن تَأْوِيلِ الأَحَادِيثِ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ أَنتَ وَلِيِّي فِي الدُّنُيَا وَالآخِرَةِ تَوَفَّنِي مُسْلِمًا وَأَلْحِقْنِي بِالصَّالِحِينَ»
«Эй Роббим, ҳақиқатдан, менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин» (Юсуф сураси, 101- оят).
Шуайб алайҳиссаломнинг дуоси
«وَمَا تَوْفِيقِي إِلاَّ بِاللّهِ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ أُنِيبُ»
«Менинг муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ, Унгагина таваккал қилдим. Унгагина қайтаман» (Ҳуд сураси, 88- оят).
Мусо алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنْزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ»
«Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман» (Қасос сураси, 24- оят).
Закариё алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ هَبْ لِي مِن لَّدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاء»
«Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан» (Оли Имрон сураси, 38- оят).
Сулаймон алайҳиссаломнинг дуоси:
«رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ»
«Роббим, мени Ўзинг менга ва ота онамга берган неъматларинга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин» (Намл сураси, 19- оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари:
«حَسْبِيَ اللّهُ لا إِلَهَ إِلاَّ هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَهُوَ رَبُّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ»
«Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга ибодатга лойиқ Зот йўқ, Унга таваккал қилдим. У улуғ аршнинг Роббисидир» (Тавба сураси, 129- оят).
«رَّبِّ اغْفِرْ وَارْحَمْ وَأَنتَ خَيْرُ الرَّاحِمِينَ»
«Эй Роббим, мағфират қил, раҳим қил. Ўзинг раҳим қилгувчиларнинг яхшисисан» (Муъминун сураси, 118- оят).
Манбалар асосида: Кармана тумани “Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов