Қизил империя қулаб, Ўрта Осиёдаги собиқ иттифоқдош республикалар рўпара бўлган энг катта хатарлардан бири халқаро миссионерлик ташкилотларининг бу юртларга ёпирилиб келиб, кенг миқёсда иш бошлашлари бўлди. Улар Ўзбекистонда ҳам жуда қисқа муддатда ғоят яхши ташкил этилган тармоқларини вужудга келтиришди.
Насронийликнинг, ҳатто умумнасронийларнинг ўзлари эътироф этмайдиган, ҳатто инкор қиладиган кўплаб турли-туман мазҳаблари мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари демократия ниқоби остида адлия рўйхатларидан ўтиб олишга муваффақ бўлишди ва шу билан расмий ташкилот сифатида жойларда ўнлаб ибодатхоналарини қуриб, юртимизни келгусида ҳар жиҳатдан нотинч қиладиган ғаразли фаолиятларини бошлашди. Албатта, бу ишлар катта маблағсиз, сиёсий қувватлаш ва ахборот кўмагисиз амалга ошмайди. Йирик миссионерлик ташкилотлари ва геосиёсий доиралар бу ҳаракат учун жуда катта маблағ ажратишди. Чунки улар кўзлаган натижалар тез орада сарф-харажатларини бир неча ўн, юз, ҳатто минг баробар қоплаб кетишига ишонар эдилар.
Ибодатхоналари очиқча ишлаётгандек кўрингани билан миссионерларнинг ўзлари маккорона услублардан фойдаланиб, асосан яширинча иш олиб боришади. Улар диёримизга беғараз равишда тил, компьютер ўргатиш, турли соҳалар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш каби ишлар учун турли-туман ўқув марказлари ташкил этувчи ёки ҳар хил йўналишларда хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлар қиёфасида кириб келишди. Узоқ йиллик сиқув остида яшаган, аммо илмга чанқоқ, дунё билан мулоқотга киришишга иштиёқманд халқимиз, табиий, бундай ўқув марказларига мурожаат қилишга ошиқдилар. Лекин тез орада уларнинг “устоз”лари миссионерлар эканлиги маълум бўлди-қолди.
Қимматбаҳо қоғозларда жозибали кўринишда нашр этилган китоблар, варақа (буклет)ларини бозорлар, шифохона, санаторий, турли транспорт воситалари ва, ҳатто айрим ишхоналарда бемалол тарқатишга эришишди. Афсус, баъзилар турли сабаблар билан уларнинг тузоғига илиниб, залолат қаърига шўнғиб кетишди. Миссионерликдан кўзланган асосий мақсад ҳам динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки айнан мусулмон фарзандларини, ҳақ динлари таълимотидан хабарсиз ҳолатидан фойдаланиб, исломдан чиқаришдир. Уларга бизни христиан қилишдан ҳам кўра исломдан чиқариш, воз кечтириш, шу билан динимизга заррача бўлса-да, зиён етказиш муҳимроқ. Чунки даъват қилаётган “дин” (ёки мазҳаб-секта)лари ботил эканини, ислом билан ҳеч бир жиҳатдан беллаша олмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши билишади.
Бунинг энг катта исботи бундай: биринчидан, бу миссионерлар ҳеч қачон ҳақиқий мўминларга ёки дин илмидан озми-кўпми хабардорларга рўпара бўлишмайди, асосан, бундан бехабарларни овлаб, ўшалар билан иш олиб борадилар; иккинчидан, ташвиқ китобчаларида кўпинча Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлишади. Ҳатто гўё самимий ниятда эканларини, ҳалолликларини кўрсатиш ва ишонч қозониш учун китобларида Инжилнинг муомаладаги нусхалари сохталаштирилганини ҳам айтиб қўядилар. Бу ҳол, албатта, уларнинг иккиюзламачилигини кўрсатади. Қуръоннинг уч-тўрт оятини бўлса ҳам, ҳақ деб билишса, нега бутунисича Исломни қабул қилишмайди ёки унга ҳужум қилишдан тийилишни ўзларига эп кўришмайди?! Ҳолбуки, улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслигига, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолат.
Миссионерлар асло ахлоқни яхшилаш билан шуғулланишмайди. Аксинча, хулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, “дискотека”лар ташкил қилиб, ресторанлар очиб, “тунги кўнгилхушлик”лар уюштиришади.
Уларнинг бу тадбирлардан кўзлаган мақсадлари нима? Асосий масала айни шу нуқтада мужассам. Бу ишлардан кўзланган мақсад-ғоя фақат ва фақат сиёсийдир! Бугун шунчаки беғубор хархаша ёки демократиянинг оддий бир тақозоси бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган?
Минг йиллардан буён аждодлари мусулмон бўлиб келган, бугунги авлоди ҳам бутун ҳаёти давомида шу эътиқодга ихлос қўйган, урф-одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан хотиржам яшашга йўл қўймаслик. Мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Мана, улар кўзлаган асл мақсад!
Секта даъватчиларининг ортларида туриб, уларни мумай маблағлар билан таъминлаётганлар, ахборот ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳартомонлама қўллаб-қувватлаётганлар бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва бу ерларда ўзларини бегонасиратмасдан, мустаҳкам ўрнашиб олиш учун миссионерлар тузоғига илинганлардан фойдаланадилар. Бунга тарих ва тажриба гувоҳ.
Миссионерларнинг хатти-ҳаракатларида баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириш билан келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлгинчилик (сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда, мамлакатни парчалаб ташлаш мақсади устивордир. Масалан, Қорақалпоғистонда миссионерликнинг авж олгани, натижаларга эришаётгани шу жиҳатдан жуда хатарлидир. Уч-тўрт йил бурун Индонезияда рўй берган ҳодисалар бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирувчи ишорадир. Бор-йўғи ўттиз йиллар аввал миссионерлар Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштира бошлаган эдилар. Йигирма беш йил ўтгач, улар ўша ерда диний асосда чиқарган тўполонга жавобан бутун Ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.
Уларнинг бундай жонкуярликлари, ғамхўрликлари ортида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Виждон эркинлигини таъминлаш” каби сиртдан чиройли кўринувчи шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиб, мустақил давлат бошқарувига йўл қўймаслик, жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтириш, турли-туман матбуот нашрлари ва “нодавлат ташкилот”лар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоясига отланган кўрсатиб, унинг “дарди”ни айтиб, давлатга қарши гижгижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш ва ҳоказо ҳийлалар яширинган.
Демак, бу ишларнинг динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режаланган найранг услубларидан бири, холос. Масала фақат диний бўлса, ташвишланарли жойи кам бўларди.
Миссионерларнинг мақсадлари сиёсий бўлгани учун ҳам хатарли ва ташвишланарлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор. Уларнинг кирдикорлари шу нуқтаи назардан баҳоланмоғи ва чора-тадбирлар ҳам шунга мувофиқ равишда белгиланмоғи лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлодга кучли, озод ва обод Ватанни эмас, балки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона, шу сабабли қатор муаммоларга ботган, пароканда, маънавий зиддиятлар авж олган, бинобарин, заиф ва қарам бир ўлкани қолдирган бўламиз. Аллоҳ асрасин!
Кармана тумани ”Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов