Ўтган асрнинг ўртасида Туркия Бош вазири лавозимини эгаллаган Аднан Мандарас 1952 йилда НАТО йиғилишида иштирок этиш учун Францияга сафар қилади. Парижга етиб келгач, Мандарас Туркиянинг шу ердаги элчисини чақириб сўради:
- Юртимизнинг ва мусулмонларнинг сўнгги халифаси султон Абдулҳамид Сонийнинг оиласи Парижга сургун қилинган деб эшитгандим. Ғайри юртда улар қандай кун кечирмоқдалар, нима билан машғуллар?
- Мени авф этинг, султон оиласининг тақдиридан бехабарман, - деди элчи.
Бу жавобдан жунбушга келган Аднан Мандарас элчига буюрди:
- Сенга 24 соат муҳлат! Ё султон оиласининг манзилини топиб келасан ёки истеъфо ҳақидаги аризанг билан келасан!
Бироз вақт ўтгач, элчи султон Абдулҳамид оиласининг Париждаги истиқомат манзилини топиб келди. Шу заҳоти Аднан Мандарас шу манзилга йўл олди.
Султон оиласи истиқомат қилаётган уйга келгач, Аднан Мандарас султоннинг оила аъзолари ишда эканликларидан хабар топди ва уларнинг иш жойига борди. Ватанидаги сўнгги султоннинг оила аъзоларини излаб, Бош вазир Париж чеккасидаги бир кафе булашиқхонаси (идиш-товоқ ювиш хонаси) га келиб қолади ва жуда изтиробли бир манзаранинг гувоҳи бўлади: сўнгги халифа султон Абдулҳамиднинг оила аъзолари – 80 ёшли рафиқаси Шафиқа хоним, 60 ёшидаги қизи Ойша хоним ва султон оиласининг бошқа аъзолари – французларнинг кирларини ювардилар.
Кўзёшлардан ўзини тута олмаган Аднан Мандарас Шафиқа хонимнинг қўлларини ўпиб, фарёд урди:
- Онам, мени кечиринг, олдингизга кеч келдим!
- Сиз кимсиз? – деди Ойша хоним Францияга сургун қилинганига ўттиз йил бўлганида ташриф буюрган ватандошига қарата.
- Мен Туркия Бош вазириман, - деди Аднан Мандарас.
Ана шунда Усмонли хонимлари ҳам йиғлаб юборишди.
Аднан Мандарас Туркияга қайтган заҳоти мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Жалол Байарга мурожаат қилди:
- Мен Парижда Усмонли оиласининг хонимлари французларнинг кирларини юваётганига гувоҳ бўлдим. Ғайридинлар султонимиз хонимларини камситиш учун шундай ишга қўйганига шубҳам йўқ. Бу ҳол мусулмон ва турк учун исноддир. Шу сабабдан мен уларни авф қилиб, Туркияга қайтариш ҳақида қарор чиқармоқчиман!
- Аднан бей, жим. Бу ҳақда бошқа оғиз оча кўрманг! Бу гапингиз камолист газетачилар ёки анави ҳарбийларнинг қулоғига чалинса, улар ғала-ғавур кўтариб, ҳарбий тўнтариш уюштириб, сиз билан мени қатл қилишади, - деди.
Шунда Аднан Мандарас чўнтагидан бир қоғоз чиқарди ва президентга узатди. Бу қоғоз Бош вазирнинг истеъфо сўраб ёзган аризаси эди.
- Бу истеъфонинг сабаби нима? - сўради президент.
Бу саволга жавобан Аднан Мандарас тарих китобларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган мана бу сўзларни айтди:
- Ғайри юртларда ғайридинларнинг кирини ювишдек паст ишларда хор бўлиб юрган оналари ва оталари, болалари ва қизлари бор юртга раҳбар бўлишдан ор қиламан!
Сўнгги халифа Абдулҳамиднинг оила аъзоларини авф қилиб, Туркияга қайтариш масаласи мамлакат парламентида кўриб чиқилди ва ижобий ҳал қилинди. Бош вазир Аднан Мандарас Усмонли хонимлари Туркияга қайтганидан кейин ҳам уларнинг ҳолидан доим хабар олиб турди.
Аднан Мандарас 1899 йили аслан қрим татар оиласида туғилган. Ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олган. Мустафо Камол Отатурк тарафдорларининг Жумҳурият Халқ Партияси (ЖҲП) аъзоси бўлган, аммо 1945 йили партия сафидан ҳайдалган. ЖҲПга мухолиф бўлган Туркия Демократик Партиясига асос солган ва ушбу партия билан 1950, 1954 ва 1957 йиллардаги парламент сайловларида ғалаба қозонган.
1950-1960 йилларда Туркия Бош вазири бўлиб ишлаган Али Аднан Эртекин Мандарас 1960 йилнинг 28 майида генерал Камол Гурсал бошчилигида уюштирилган ҳарбий-давлат тўнтариши натижасида ўз лавозимидан озод қилинган ва ҳарбийлар томонидан тайинланган суд ҳукми билан 1961 йил 17 сентярь куни Имроли oрoлида қатл қилинган...