Friday, May 29, 2020 1:19 PM

28.02.2020 й. Намоз – мўминнинг меърожи

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِيْن، وَأَفْضَلُ الصَّلاَةِ وَأَتَمُّ التَّسْلِيْمِ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْن، أَمَّا بَعْدُ

НАМОЗ – МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, намоз мўъминнинг меърожи бўлиб, у билан киши ўз Парвардигорига муножот қилади. Намоз динимиз устуни ҳисобланади. Намоз ибодатининг бир қанча дунёвий, ухровий,  жисмоний, руҳий, маънавий ва тарбиявий фазилатлари, фойдалари ва ҳикматлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

  1. Қабул бўлган намоз ўз эгасини фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

яъни: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур” (Анкабут сураси 45-оят).

Ояти каримада зикр қилинганидек Аллоҳ таолонинг ибодатида бўлган киши ўз-ўзидан ёмон иллатлардан, ножўя ишлардан тийилади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, намоз – инсонга гўзал тарбия берувчи илоҳий амалдир.

  1. Намоз ўз эгасининг гуноҳ ва хатолари ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

أرَأيْتُمْ لَوْ أنَّ نَهْرَاً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ؟ قالوا: لا يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ، قَالَ: فَذلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا

(متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, унда кир қоладими?” – деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди” – дедилар. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Яна бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар:

"اَلصَّلَوَاتُ الْخَمْسُ، وَالْجُمْعَةُ إِلَى الْجُمْعَةِ، وَرَمَضَانُ إِلَى رَمَضَانَ مُكَفِّرَاتٌ مَا بَيْنَهُنَّ، إِذَا اجْتُنِبَتِ الْكَبَائِرُ"

(رواه الإمامُ مسلمٌ عن أبي هريرة رضى الله عنه)

яъни: “Жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача беш вақт намозни ўқиш шу вақт орасида бўлиб ўтган кичик гуноҳларга каффоратдир. Агар кабира (улкан) гуноҳлардан сақланилган бўлса” (Имом Муслим ривоятлари).  

Демак, намозларни рисоладагидек ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади, дилидаги ғуборлар ювилади, руҳий ҳолати яхшиланади.

  1. Намоз ўз эгасига дунё ва охиратда нур бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ حَافَظَ عَلَيْهَا كَانَتْ لَهُ نُورًا وَبُرْهَانًا وَنَجَاةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهَا لَمْ يَكُنْ لَهُ نُورٌ وَلاَ بُرْهَانٌ وَلاَ نَجَاةٌ"

(رواه الإمامُ أحمدُ عن عبد اللَّه ابن عمر رضى الله عنهما)

яъни: “Ким намозни ўз вақтида ўқиса, қиёмат куни намоз у киши учун нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким намозни ўқимаса, қиёмат куни у киши учун нур, ҳужжат ва нажот бўлмайди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

  1. Беш вақт намоз учун эллик маҳал намознинг савоби берилади. Маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло биз умматларга эллик вақт намоз ўқишни фарз қилди. Суюкли ва меҳрибон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бир неча марта қисқартирилишини Аллоҳ таолодан сўраб, охири беш маҳалга туширдилар. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳга шундай деди:

يا مُحَمَّدُ، إنَّهُنَّ خَمْسُ صَلَواتٍ كُلَّ يَومٍ ولَيْلَةٍ، لِكُلِّ صَلاةٍ عَشْرٌ، فَذلكَ خَمْسُونَ صَلاةً

(رواه الإمامُ أحمدُ والإمام الترميذي عن أنس رضى الله عنه)

яъни: “Эй, Муҳаммад, албатта, ҳар кечаю кундузда беш маҳал намоз бор. Ҳар бир намоз учун ўнта намознинг савоби берилади. Шунда гўё эллик маҳал намоз ўқилган бўлади (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоятлари).  

Демак, беш вақт намоз ўқисак, Аллоҳ таоло бизга эллик вақт намоз ўқиганнинг ажрини берар экан.

Айниқса, ҳар биримиз имкон қадар намозларимизни масжидларда жамоат билан адо этишга одатлансак, жуда катта ажр ва мукофотларга эришамиз. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

" صَلَاةُ اَلْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ اَلْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً "

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

яъни: “Жамоат намози ёлғиз (ўқиган)нинг намозидан йигирма етти даража афзалдир” (Муттафақун алайҳ).

Яна бошқа бир ҳадисларида шундай деганлар:

"مَنْ تَطَهّرَ فِي بَيْتِهِ ثُمّ مَشَىَ إِلَى بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ الله، لِيَقْضِيَ فَرِيضَةً مِنْ فَرَائِضِ الله، كَانَتْ خَطْوَتَاهُ إِحْدَاهُمَا تَحُطّ خَطِيئَةً، وَالأُخْرَى تَرْفَعُ دَرَجَةً"

 (رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضى الله عنه)

яъни: “Ким уйида таҳорат қилиб, сўнг Аллоҳнинг фарзларидан бир фарзни адо қилиш мақсадида Аллоҳнинг уйларидан бир уйга (масжидга) қараб юрса, ҳар бир қадам ташлаганда унга савоб ёзилиши билан бирга хатолари ҳам ўчирилиб боради”  (Имом Муслим ривоятлари).

"مَنْ صَلَّى العِشَاءَ فِي جَمَاعَةٍ، فَكَأنَّمَا قَامَ نِصْفَ اللَّيْلِ، وَمَنْ صَلَّى الصُّبْحَ في جَمَاعَةٍ، فَكَأنَّمَا صَلَّى اللَّيْلَ كُلَّهُ"

 (رواه الإمامُ الترمذي عن عثمانَ بنِ عفانَ رضي الله عنه)

яъни: “Кимки хуфтон намозини жамоат билан адо этса, гўё туннинг ярмини қоим қилибди. Агар бомдод намозини ҳам жамоат билан адо қилса, тун бўйи қоим бўлган кабидир” (Имом Термизий ривоятлари).

Динимизда фарз намозларидан ташқари суннат ва нафл ибодатларга ҳам алоҳида урғу берилган. Зеро, нафл ибодатлар Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридаги мартабамизни кўтарилишига ҳамда фарз намозларимизнинг камчиликларини тўлдиришда ёрдамчи бўлади. Хусусан, фарзлардан аввал ва кейин ўқиладиган суннатларнинг фазилатлари жуда кўпдир. Жумладан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"مَنْ صَلَّى فِي يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ ثِنْتَيْ عَشْرَةَ رَكْعَةً بُنِيَ لَهُ بَيْتٌ فِي الْجَنَّةِ: أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الْفَجْرِ"

 (رواه الامام الترمذي عن أم حبيبة رضي الله عنها)

яъни: “Ким бир кеча ва кундузда (фарздан ташқари) ўн икки ракат намоз ўқиса, унга жаннатдан уй қурилади. Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракъат. Шомдан кейин икки ракъат, Хуфтондан кейин икки ракъат. Бомдоддан олдин икки ракъат” (Имом Термизий ривоятлари).

Бу ҳадисни эшитган Умму Ҳабиба  разияллоҳу анҳу онамиз: “Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман”, – деганлар.

Ҳанафий мазҳабимизда ушбу ривоятни, тўлиғича ҳаётга татбиқ қилинган. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни доимий равишда ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бор. Бу ваъда – жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уй (қаср)дир. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабиба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қолдирмай адо қилганлар.

Яна бир муҳим жиҳат ҳанафий мазҳабимизда фарздан кейинги суннатларни фарзнинг изидан дарҳол ўқилади. Фақат ҳадиси шарифга мувофиқ уларнинг ўртаси қуйидаги калималар билан бўлинади. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозни тугатганларида уч марта “Астағфируллоҳ”дер эдилар ва:

اللَّهُمَّ أَنْت السَّلَام، ومنك السَّلَام، تَبَارَكت ذَا الْجلَالِ وَالْإِكْرَام

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Эй, Аллоҳ, сен Салом (саломатлик берувчи)сан, салом (яъни, саломатлик) сендандир, сен муборак бўлдинг, эй, жалол ва икром эгаси!” (Имом Муслим ривоятлари).

Юқоридаги маълумотларга биноан, фарзлардан кейинги суннатларни масжидда ўқиш суннатга зид эмаслиги ва мазҳабимиз қонун-қоидаларига мувофиқ келишини таъкидлаш лозим.

Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг давомида Аҳли сунна вал жамоанинг энг буюк имомларидан бири бўлмиш Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳ ҳақларида суҳбатлашамиз. Сабаби, ҳозирги кунда бу улуғ зотни яхши танимасдан у зотга нисбатан ножўя сўзларни айтаётган саёз билимли кишилар кўпаймоқда.  Бу зотнинг Ислом оламидаги ўринларини билиш учун у зотни ҳаётлари ва ижодлари билан яқиндан танишиш керак бўлади.

Фақиҳ, мутакаллим, муфассир, усулул-фиқҳ олими, Аҳли сунна вал жамоанинг шайхи Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳ тахминан ҳижрий 248 йилларда Самарқандда туғилиб, 333 ҳ.йилда вафот этганлар. Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн қилинганлар. Ислом динининг олтин асрларида яшаганлар (яъни, 3-4 ҳижрий асрлар, Аббосийлар халифалиги даври, Мовароуннаҳрда Сомонийлар ҳукмронлиги йиллари). У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, араб тилида ижод қилганлар. Камолиддин Қози Байзовий Имом Мотуридийнинг насаби машҳур саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий разияллоҳу анҳуга бориб тақалишини айтиб ўтганлар. Имом Мотуридий “Ҳидоят имоми”, “Ҳидоят байроғи”, “Мусулмонлар ақидасини тўғриловчи” каби бир қанча номлар билан машҳур бўлганлар. У зот бир қанча китоблар таълиф қилганлар, бизгача асосан учта китоблари етиб келган: “Китабут-тавҳид”, “Таъвилоту аҳли сунна” (бу иккиси чоп этилган, ўрганилган), “Китабул мақолот” (қўлёзмаси бор). Аксарият машҳур Ҳанафий уламолар ақида бобида у кишининг йўлидан юришган.

   Имом Абу Мансур Мотуридий – Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини нақлий ва ақлий далиллар билан шарҳлашда Ислом оламида ном қозонган зотлардан бири. Турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда у зот саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари бўлган таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилдилар. У зот ва шогирдлари ақидавий мактаб (йўналиш) ташкил қилишди ва у Мотуридия ақидавий мазҳаби деб аталди. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қолдирган илмлари ва ижтиҳодларидан кўп фойдаланганлар. Шу сабабли бу ақида мактаби издошларининг кўпчилиги ҳанафийлардир. Ҳозирги кунда дунё мусулмонлар оммасининг ярмидан кўпи Мотуридия ақидавий йўналишига эргашадилар. Қолган ярми эса, Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий ақида мазҳабига эргашадилар ва икки мазҳаб бир бутун бўлиб, Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади.  

   Имом Абу Мансур Мотуридийнинг энг машҳур устозлари қуйидаги уламолардир:

  1. Абу Наср Иёзий. У зот ўз даврининг етук олими бўлган.
  2. Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний.

Усул ва фуруъ илмларини ўзида жамлаган ва турли илмларда моҳир бўлган олим эдилар.

  1. Муҳаммад ибн Муқотил Розий. Раъй шаҳрининг қозиси.
  2. Нусайр ибн Яҳё.

   Эътиборли жойи шундаки, Имом Абу Мансур Мотуридий икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад силсиласига боғланадилар. Юқорида саналган тўртта устозларидан Муҳаммад ибн Муқотил, Имом Муҳаммаднинг шогирди Абу Мутийъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ Балхийдан дарс олганлар. Қолган учта устозлари ҳам Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган Абу Сулаймон ибн Мусо ибн Сулаймон Жузжонийдан дарс олганлар.

   Бу устоз-шогирдлар силсиласи бизга Имом Мотуридийнинг барча устозлари Аҳли сунна ва жамоа уламолари бўлгани ва Ислом уммати эътироф қилган, бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга жуда яқин бўлганини кўрсатади.

Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннатнинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар: 

المراد بالسنة ما عليه إماما أهل السنة والجماعة الشيخ أبو الحسن الأشعري وأبو منصور الماتريدي

яъни: “(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).

Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

"إذا أطلق أهل السنة والجماعة فالمراد بهم الأشاعرة والماتريدية"

яъни: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушинилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

    Аллома Тошкуброзода айтадилар:

ثم اعلم أن رئيس أهل السنة والجماعة في علم الكلام - يعني العقائد - رجلان، أحدهما حنفي والآخر شافعي، أما الحنفي فهو أبو منصور محمد بن محمود الماتريدي، إمام الهدى... وأما الآخر الشافعي فهو شيخ السنة ورئيس الجماعة إمام المتكلمين وناصر سنة سيد المرسلين والذاب عن الدين والساعي في حفظ عقائد المسلمين، أبو الحسن الأشعري البصري

яъни: “Маълум бўлсинки, Аҳли сунна вал жамоанинг  калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: Бирлари ҳанафий, бошқалари шофеъий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий бўлиб,  у зот “Имомул Ҳуда” – "Ҳидоят имоми" деган ном қозонган. Шофеъийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир” (“Мифтаҳус саода” китоби).

     Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтадилар:

"فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى،

وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف من قبيل الخلاف اللفظي

яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий машриқу ва мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.

Хулоса, Имом Мотуридийнинг илмий салоҳияти жуда юқори бўлиб, барча уламолар бир овоздан Аҳли сунна вал жамоанинг имоми деб эътироф этишган. У зот динимизнинг соф манбалари саҳобалар, тобеъинлар ва таба тобеъинларга жуда яқин даврда яшашган ва уларнинг илмларидан баракали фойдаланганлар.

Жорий йил 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу халқаро конференциядан мақсад Буюк аждодимиз, Ислом оламининг фахри Имом Мотуридий раҳматуллоҳ алайҳнинг илмий меросларини янада чуқур ўрганиш, мотуридийлик йўналишининг бузғунчи оқимларга қарши моҳиятини очиб бериш ҳамда Ўзбекистоннинг “Буюк алломалар юрти” сифатидаги тарихий мақомини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга қаратилган.

Конференцияда Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб ҳафизаҳуллоҳ, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларидан кўзга кўринган уламолар иштирок этиши кутилмоқда.

Аллоҳ таоло Имом Абу Мансур Мотуридий ҳазратларини Ўз раҳматига олсин! У зотнинг илмий меросларини ўрганишни аввало ўзимизга ва авлодларимизга насиб этсин! Зирриётларимиздан бу зотга ўхшаган “Имамул ҳуда” – Ҳидоят имомларини чиқишини насиб айласин!   

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА” мавзусида бўлади.


Thursday, November 4, 2021 7:13 AM

Developed By Usoft