НАМОЗГА ПОКЛАНИШ Бизнинг ҳаниф Ислом динимиз покликка жуда катта аҳамият берган ва мусулмонларни намоз ўқишдан аввал таҳорат (бунинг иложи бўлмаганда таяммум) қилишга буюрган. Улар таҳорат қилишаётганда юзлари, қўллари ва оёқларини ювишади. Шунингдек, Ислом мўминларни ғусл қилиш, бундан ташқари мўйлов ва тирноқларини қисқартириш, кийимларини покиза тутиш, жамоат жойларида, хусусан, жума ва ҳайит намозларида хушбўйланиб юришга тарғиб қилади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётган саҳобаларига: «Сизлар биродарларингиз ҳузурига қайтмоқдасиз. Шундай экан, уловларингизу либосларингизни чиройли ҳолда тутинглар. Ҳатто одамлар ичида гўёки хол каби ажраб туринглар. Албатта, Аллоҳ бузуқлик ва ахлоқсизликни яхши кўрмайди», деб айтганлар (Имом Абу Довуд ривоят қилган).