ИЙД НАМОЗЛАРИНИ УЙДА ЎҚИСА БЎЛАДИМИ?
ИЙД НАМОЗЛАРИНИ УЙДА ЎҚИСА БЎЛАДИМИ?

Бу йилги Рамазон ойи ўзига хос суратда ўтди ва Рамазон ҳайитини ҳам ўзига хос вазиятда кутиб олмоқдамиз. Ҳар йили бу кунларда масжидларда ҳайит намози учун тайёргарлик ишлари жадал бошланган бўлар эди. Бироқ, бу йил ҳолат бошқача, бироз ранжитадиган: мажидларда ҳайит намоз ўқилмайдиган бўлиб турибди. Ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, сабр қиламиз ва яхшиликка бўлишини умид қиламиз. Аммо бу вазиятга оид шаръий ҳукмларни билиб олишимиз лозим. Хўш, бундай ҳолатда биз нима қилишимиз керак?  

Айни кунларда айрим кишилар «Уйда ҳайит намозини ўқисак бўладими?» ёки «Уйда ҳайит намозини қандай адо этамиз?» деган маънода саволлар беришмоқда. Яна «Мисрда ҳайит намозини уйда ўқилади, дейилибди-ку, биз ҳам ўқиймизми?» деган саволлар ҳам йўқ эмас. Ушбу мазмундаги саволларга умумий жавоб ва барчамизга ҳам илм бўлиши умидида шу ҳақдаги шаръий фатволарни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман. Бу мавзу фиқҳий бўлгани учун юртимизда жорий бўлган ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига кўра ёритилди.

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг сўзларига кўра, ҳайит намози вожиб намоз ҳисобланади ва шу боис уни адо этиш учун жума намозининг хутбадан бошқа шартлари топилиши лозим. Акс ҳолда, ҳайит намозини адо этиш вожиб бўлмайди, соқит бўлади ва агар адо этилса ҳам шарти топилган намоз сифатида мақбул саналмайди.

Жума намозининг шартлари қуйидагилар:

1. Шаҳар ёки шаҳарлашган қишлоқ бўлиши.

2. Султон, амир, яъни давлат, ҳокимият мавжуд бўлиши.  

3. Вақт. Жума намозининг вақти жума куни тушдан кейин асргача.

4. Хутба.  

5. Жамоат. Энг камида имомдан ташқари 3 киши бўлиши керак.

6. Умумий рухсат. Яъни амир тарафидан рухсат этилиши ва намозга қатнашиш барча учун очиқ бўлиши, маълум тоифа мусулмонларга хос жамоат бўлмаслиги даркор.

Ҳанафий мазҳабининг энг мўътабар манбаларидан «Баҳрур-роиқ»да шундай дейилади: «Aгар ийд намозини имом билан бирга тарк этган бўлса, қазосини ўқимайди».  

Шариатда бу каби махсус сифат билан ўқиладиган намоз фақатгина шартлар топилганидагина қурбат амали деб эътибор қилинади. Киши ийд намозни якка ҳолатда, ёлғиз ўзи ўқиган тақдирда бу шартлар тугал бўлмайди. Буни юқоридаги матндан ҳам англаса бўлади. Бинобарин, ийд намозни ёлғиз ҳолда адо этиш дуруст ҳисобланмайди.

Бироқ, жамоат тўпланмай, имоми ҳам ийд намозини ўқимаган жойда яшайдиган киши бошқа жойга бориб, у ердаги имом билан ҳайит намозини ўқишининг имкони бўлса, ўша жойга бориб ийд намозини адо этади. Чунки уламолар иттифоқига кўра, бир шаҳарда икки ва ундан кўп жойда ийд намозини адо этиш жоиз. («Баҳрур-Роиқ», 2-жуз, 246‒254 с.)

Ҳанафий мазҳабининг энг мўътабар манбаларидан бири «Муҳитул-Бурҳоний» китобида ушбу мавзуда қуйидагиларни ўқиш мумкин:  

«Наводирус-салоти» китобида «Ийд намозини имом билан бирга тарк этган киши уни қазо қилиб ўқимайди», дейилган. Аммо имом Шофеъий: «Намозхон худди имом билан ўқиганидек, ёлғиз ўзи ҳам ийд намозини ўқийди», дейди. Бу ҳукм «Ийд намози ёлғиз тартибда ҳам ўқиладими ё йўқми?» деган масаладан келиб чиқади. Ҳанафийларга кўра, ийд ёлғиз ўқилмайди. Шофеъийнинг наздида эса ўқилади. Чунки у кишига кўра, ийд намози учун жамоат ва султон шарт эмас. Шу боис, имом билан ийд намозни ўқий олмаган киши қазосини адо этишдан ожиз бўлмайди.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ийд намозининг қазосини таровеҳ намозига қиёс қилган. Aгар киши рамазон ойида таровеҳ намозини жамоат билан ўқимаса, ёлғиз ўзи қазосини адо этади, чунки у бунга қодир. Зеро, таровеҳ намозини жамоат бўлиб ўқиш жоиз бўлганидек, ёлғиз ҳолда адо этиш ҳам дурустдир. Шу боис, у кишининг наздида ийд намози ҳам қазо қилинади. яъни жамоат билан ўқий олмаган одам, ўзи қазосини адо этади.

Бизнинг мазҳаб уламолари ‒ Aллоҳ улардан рози бўлсин ‒ бу фикрга қўшилмаганлар. Улар: «Ийд намози адо этилиши учун маълум шартлар топилиши керак, жумладан, имом бўлиши лозим. Шу боис, ийд намозини имом билан адо этмаган киши уни қазо қилиб ўқишдан ожиз ҳисобланади ва унга қазони адо этиш лозим бўлмайди», дейдилар.

Aгар: «Ийд намози зуҳо намозининг ўрнида, шунинг учун ҳам ийд намозидан олдин зуҳо намозини адо этиш макруҳ бўлади. Ийд намози зуҳо намози ўрнида бўлиб, ёлғиз киши зуҳо намозини ўзи адо этишга қодир экан, унга ийд намози ўринга зуҳо намозини адо этиши вожиб бўлиб қолади-ку. Бу худди жума намозини жамоат билан адо этмаган одамга пешин намозини ўқиши лозим бўлганидек гап», дейилса, бунга шундай жавоб берамиз:  

«Тўғри ийд намози зуҳо намози ўрнига ўтади. Бироқ, шартлар топилмай ийд намозини адо этишдан ожиз қолинса, иш аслига қайтади, яъни зуҳо намози адо этилади. Зуҳо намози эса аслида вожиб эмас, балки нафл амал ҳисобланади. Aммо жума намозида шартлар топилмагани туфайли уни адо этишдан ожиз қолинса, жума соқит бўлади ва иш жума вожиб бўлишидан олдинги ҳолга қайтади. Жума фарз бўлмай туриб намозхонга пешин фарз эди, ихтиёрли эмас эди. Бинобарин, жума вожиб бўлмагач, у фарз бўйи қолади».

Ийд намозини ўқимаган одам зуҳо намозини ўқиши мумкин. Бу нафл ўрнида бўлади. Хоҳласа, икки ракат, хоҳласа, тўрт ракат намоз ўқийди ва бу зуҳо намози бўлади. Aфзали тўрт ракат ўқишдир. Чунки Aбдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан шу фатво ривоят қилинади. У киши шундай деган: «Ким ийд намозини адо эта олмаган бўлса, тўрт ракат намоз ўқийди. Биринчи ракатга Aъло сурасини, иккинчи ракатга Шамс сурасини, учинчи ракатга Лайл сурасини ва тўртинчи ракатга Зуҳо сурасини қироат қилади».  

Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал ҳушхабар ва катта савоб борлиги ривоят қилинган» (Иқтибос тугади. Таржима озгина эркинроқ қилинди).

Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, ийд намозини махсус шартлари бор намоз бўлиш билан бирга, вожиб намоз ҳисобланади. Шофеъий мазҳабига кўра эса, бу намоз суннат ва уларнинг наздида ҳанафийларда қўйилган айрим шартлар йўқ. Шу боис, шофеъийларга кўра, ҳайит намозини уйда, ёлғиз тартибда ёки оилавий ўқиса бўлади, худди таровеҳ намози каби. Азҳар уламоларининг фатвоси ана шу маънода, яъни шофеъийларга кўра берилган, чунки мисрликларнинг аксари шу мазҳабга амал қилади. Аммо фиқҳда ҳанафий мазҳабига тобе бўлган юртларда бугунгидек вазиятларда ҳайит намози уйларда ҳам ўқилмайди. Бироқ, унинг ўрнига зуҳо намозини ўқиш мумкин. Одатда бизда аёлларнинг уйда ҳайит намози ўқимаслиги ҳам юқоридаги фатвога асосандир.  

Ҳайит намози ўқилмаса-да, фитр садақаси берилади. Уни арафа ёки ҳайит куни тонгда бериш афзал. Ундан олдин берилса ҳам бўлаверади.  

Шуни таъкдилаш ўринлики, бу ҳукм асосий аҳолиси ва ҳукумат раҳбарлари мусулмон бўлган юртларга хос ҳисобланади. Зеро, бундай ўлкаларда Ислом ийд намозлари жамиятнинг пешволари, ҳокимлари назоратида, уларнинг иштирокида, бир сўз билан айтганда, расмий суратда адо этилади. Аммо мусулмонлар озчиликни ташкил қилган, Ислом шиорларига расмий даражада эътибор қаратилмаган, ғайримуслимлар ҳукмрон бўлган юртларда давлат раҳбарининг изни шарт бўлмайди. Чунки ҳукмдорлар мусулмон бўлмагач, Ислом аҳкомларининг адо этилишига эътибор бермайди. Масалан, бугунги Ғарб мамлакатларида истиқомат қиладиган мусулмонлар шундай вазиятда ҳисобланадилар. Шу боис, улар ўзлари кичик-кичик жамоат бўлиб тўпланиб ҳайит намозларини адо этишлари мумкин.  

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

O'xshash maqolalar
(У зот) ҳеч бир ихтилофсиз барча пайғамбарларнинг имомидирлар ва барча (ёмон сифатлардан) холи бандаларнинг нуқсонсиз тожидирлар.Ўший раҳматуллоҳи ала...
Wednesday, September 27, 2023 11:24 AM
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, лекин такосур (яъни мо...
Friday, December 16, 2022 9:17 AM
Замонамиз бемазҳабларининг “муҳаддис”и саналадиган Носир Албоний таниқли олим Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-Улвв” асарини қисқартири...
Friday, September 23, 2022 9:53 AM
Бу илмнинг мақсади диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва ундаги шубҳаларни рад қилишдир. Эътиқод қилиши лозим бўлган ишларда мусулмонни тақ...
Wednesday, August 17, 2022 7:31 AM
Bugun Sohibqiron Amir Temur tavalludining 688 yilligi munosabati bilan, bundan taqriban 28 yil oldin marhum Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf qalami...
Monday, August 15, 2022 5:53 AM
Hozirgi kunda muqaddas islom nomidan har xil oqimlarning o‘zlarini jozibador ismlar bilan nomlab olib, go‘yoki to‘g‘ri yo‘lni da'vo qilib, g‘araz maqs...
Sunday, August 14, 2022 3:40 AM
Ma’lumki, Alloh taolo bandalarining hidoyati uchun insonlarning ichidan payg‘ambarlarni tanlab oldi. Ular orqali o‘zining hukumlarini odamlarga yetkaz...
Friday, July 29, 2022 6:12 AM
Qurbonlikning ta’rifiQurbonlik Alloh Taologa yaqinlik hosil kilish uchun so‘yiladigan jonliqdir. Qurbonlik bir nechta xil bo‘ladi: Qurbon xayiti kuila...
Friday, July 8, 2022 6:33 AM
Ibratli kitoblar
«Ҳадис ва Ҳаёт»
«Ҳадис ва Ҳаёт»
Файл ҳажми: 0.35 MB
Кўчириб олиш
sahifalar
sahifalar
Файл ҳажми: 0.13 MB
Кўчириб олиш
Фиқҳ
Фиқҳ
Файл ҳажми: 0.14 MB
Кўчириб олиш
Developed By Usoft