Рамазон – ойлар сардори

Рамазон – ойлар сардори

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Улар бу муборак ойни кечаларни тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишни ният қилган ҳолда қаршилашмоқда. Чунки Парвардигорлари Рамазон ойи рўзасини тутишни мусулмонларга фарз қилган, у Исломнинг беш асосий рукнидан биридир. Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил бўлгандир. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.

Рамазон ойининг рўзасини тутиш Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳара ҳукми билан фарз қилинган. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат этади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ *

(سورة البقرة/183).

яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Бақара сурасининг 183-185-оятларида Рамазон ойи рўзаси ҳукмлари ва ҳикматлари батафсил баён этилган. Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақводорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради. Оятда рўза ибодатининг ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам фарз қилингани эслатилиб, мусулмонларга ушбу ибодатнинг ниҳоятда муҳим экани билдирилмоқда. Рўза нафақат мусулмонларга, балки Исломдан олдинги қавмларга ҳам фарз эди. Бу ҳақда бир неча ҳадиси шарифлар ҳам бор. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ривоят қиладилар: “Жоҳилият аҳли ашурода (муҳаррам ойининг ўнинчи куни) рўза тутар эди, рамазон ойида рўза тутиш ҳақида оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло ушбу суранинг навбатдаги ояти орқали қийин шароитлар туғилганида рўза тутишда берилган енгилликлар ҳақида зикр этади:

أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ * (سورة البقرة/184).

яъни, “Саноқли кунларда. Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”. (Бақара сураси, 184-оят).

«Саноқли кунлар» дейилишидан мурод, бошқа пайғамбарларнинг умматларига бир неча ойлаб рўза тутиш буюрилгани ҳолда мусулмонларга Рамазон ойида ўттиз ёки йигирма тўққиз кун рўза тутиш фарз қилинди. Бу маънода рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслигига, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишига ишора бордир. «Қодир бўлмаган кишилар» дейилганида кексайиб ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган. Бу тоифа кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Шунингдек, ҳомиладор, эмизикли аёл, мусофир, оғир ва масъулиятли вазифаларни бажарувчилар ҳам Рамазон ойи рўзасини тутмасликларига ва албатта қазосини адо этиш шарти билан уларга руҳсат берилган. Аммо иложи борича рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг кейинги оятида ушбу ойнинг энг улуғ фазилатларидан бири унда инсониятга қиёматгача ҳидоят йўлини кўрсатиб берувчи маёқ – Қуръони каримнинг нозил бўлиши экани ҳақида хабар беради:

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللَّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ *(سورة البقرة/185).

яъни, “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир”. (Бақара сураси, 185-оят).

Ояти каримадаги «фурқон» сўзи «ажратувчи» маъносини билдиради, яъни Қуръони карим ҳақ билан ботилни ажратувчидир. Рамазон ойи барча самовий китоблар, шу жумладан Қуръони карим нозил қилинган шарафли ойдир. Ким бу ойга етса, рўза тутишига монеъ сабаблари бўлмаган муқим киши рўза тутсин, чунки у Ислом рукнларидан биридир.

Аллоҳ розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради. Зеро, «Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди». Аллоҳ таоло сизларни рўза баракотларидан бенасиб қолдирмаслиги учун сизни икки дунё саодатига эриштирувчи ҳидоят йўлига йўллагани, ибодатларга бошлагани учун У Зотни улуғлаш, берган неъматларига шукр айтиш лозим .

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) Рамазон арафасидаги хутбаларидан бирида бундай марҳамат қилган эдилар: "Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди".

 

Кармана тумани "Жалойир" жоме масжиди имом-хатиби    А.Ҳакимов

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Президентимизга аёлларнинг кийиниши борасида мурожаатнома
Президентимизга аёлларнинг кийиниши борасида мурожаатнома
Ўз жонига қасд қилиш
Ўз жонига қасд қилиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  муборак жасадларини ўғирлаш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадларини ўғирлаш