МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ

МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Мундин бир йил илгари бир ажойиб воқеа рўй берган эди. Мулло Фақир алайҳир-раҳма нохос мадрасага кириб келдилар. Ман ул кишини зиёрат қилдим. Хужрамга олиб келдим, чой дамладим, ўтургуздим. Ман ҳайрон бўлдимки, мани бу ерда эканимни бу зот қаердан билди экан деб. Мулло Фақир менга айтдики: «Мадрасанинг бир тарафида мавлоно Муҳийиддин Жайший мозорлари бор. Мозорнинг мутаваллиси билан танишмусан?». Ман айтдим: «Яхши танишман». Ул киши: «Андоғ бўлса, чиллахонанинг калидини берсун. Мен қирқ кун чиллага ўтураман», дедилар. Мен мозорнинг мутаваллисидан илтимос қилиб, калидни олиб бердим. Чиллахонага кириб кетдилар. Менга айтдики: «Энди мени олдимга кирма. Мен ўзум чиллани тамом қилиб, сенинг олдингга бораман». 
Тўрт-беш кундан кейин мозорнинг мутаваллиси менга келиб айтдики: «Бу қандоғ одам эди, чиллахонадан ҳеч чиқмайди, овқат олиб келсак, эшикни очмайди. Бу одам ҳаётми, борму, йўқму, билмай қолдик». Бу сўзни эшитиб мени ҳам кайфиятим қочди. Чиллахонани тофтоф қилиб, мулло Фақир деб садои қилдим, овоз бермасдан эшикни ёруғидан бир хат узатди. Хатни ўқуб қарасам, ёзубдурки: «Нимага мени олдимга келасан? Мен сенга келма деб айтувдим. Бу мутаваллига ҳам айтгил, иккинчи келмасун». Шу билан қирқ кун тамом бўлди. Мулло Фақир чиллахонадан чиқди. Ажойиб ҳайъат билан, кўзлари қизаргон, юзлари қизаргон. 
Менга айтдики: «Энди мен кетдим». Мен сўрадим: «Қаеққа борасиз?». Айтдилар: «Байтуллоҳга». Ман сўрадим: «Сиз билан яна кўришамизми?» Айтдилар: «Худо хоҳласа, Байтуллоҳда». Ман бу сўзга ҳайрон бўлуб қолдим. Менинг хаелимда ҳажга бориш йўқ. 
Шундан тўрт ой ўтгондин кейин дадам келдилар, дадам айтдилар: «Энди ўқушни бас қилсанг, мени ҳажга олиб борсанг». Мен айтдим: «Менда ҳеч бир шайъи дунёлик важҳидан йўқ, ҳаж бе зоди-роҳила бўлмайди, сизда бирор нарса борму икки кишининг сарфига етарлик?». Дадам белидан камарни ечиб, ичида бир юз ўн дона «Николай»нинг тиллосини тўкдилар. «Икковимизнинг харожотимизга етадими?», деб сўрадилар. Мен айтдим: «Ортиб ҳам қолади». Мен ҳайрон қолдимки, дадамиз камбағал одам эрдилар, бу қадар пулни қайдан топди экан. Охир сўрадим, дадам айтдиларки: «Уйдан шу ҳолда чиқдим, зоди-роҳила ҳам икки дона зогора нон эди. Уни ҳам онанг қўшни уйдан қарзга олиб чиқғон эди. Ва ҳам ўзумни тобим йўқ, асо била йўл юраман. Шу аҳвол била уйдан чиқиб қиблага қараб дуо қилдимки: «Худоё, мени иккинчи шу жойга қайтариб келтирмагил». Шул аҳволга пиёда юруб, ҳар бир қишлоқга келиб, масжидда етар эдим. Одамлар илмимни ҳурмат қилиб, ками беш зодироҳила берар эдилар. Шу аҳвол била Бухорога келдим. Масжидга тушуб, тўрт-беш кун истиқомат қилдим. Шеробод халқи кўб ихлослик экан. Мендан илтимос қилишди: «Бизнинг масжидимизга имом бўлинг, сизнинг номингизга саҳрода буғдой экиб берамиз. Хосилини жамъ қилиб, сотиб сизга ҳажга зоди-роҳила тўблаб берамиз. Менга ҳам маъқул бўлди. Уч йил ушбу масжидда имом бўлуб қолдим. Халқ менга буғдой экиб, хосилини сотиб, пулини берар эдилар. Ўзлари ҳам буғдойларидан ушур тўплаб менга берар эдилар, то менга зоди роҳила жамъ бўлуб, шу қадар маблағни тўплаб бердилар. Мени Амударедин ўткариб қўйдилар. Мен бир эшакни сотиб олиб, шу била Афғонистондан ўтуб Яшовул шаҳрига келдим. Бу ерда эшагимни сотиб бу рафиқларим билан ҳожихонада бирлашиб, поездга билет олдик, билетимиз Бомбей шаҳрига эди. Парвардигор менинг кеча ва кундуз талаб қилғон дуойимни мустажоб қилиб, бу истансада сени топтим. Энди то ўлгунумча мен сандин жудо бўлмайман. Ҳажга мени олиб боргил». 
Хулосаи калом шулки, ушбу йилда хатми китоб қилғон бўлар эрдим. Бу муяссар бўлмади. Дадамнинг хизматларига ҳажга боришга мажбур бўлдим. Устозларим ҳам маъқул кўруб, руҳсат бердилар. Шу била мадрасани талабалари бизни истансага олиб чиқиб поздга ўткуруб, фотиҳа бериб, қайтдилар. Бомбейга етиб келдик. Ҳожихонада дадамнинг рафиқлари ҳануз турган эканлар. Бизни келғондин сўнг параход сафарга тайер бўлди. Билет олиб Маккага жўнадик.

Ман домлалар билан видолашган вақтимда мадрасанинг бош мударрислари Мавлоно Ахмад Али менга бир рисола хадия қилғон эдилар. Рисоланинг номи «Раҳбарул ҳаж», ўзлари тасниф қилғон эканлар. Менга тавсия қилиб буюрдиларки: «Бу рисоланинг ичида ҳар бир нарса ёзилғон, шунга амал қилинг». 
Бомбей шаҳрига келганда бу рисолани олиб қарадим. Рисолада ёзибдурларки: «Бомбей шаҳридан параходга тушар олдидан ҳожиларга лозим шуки, олти метр узунликда бир арқон олсинлар, бир пақир олсинлар, кейин лимондан қилинғон консервадан неча миқдорда сотиб олсинлар. Яна қора чойга одатланғон одамлар қора чой олсинлар, чунки Арабистонда топилмайди». Ман бунга амал қилиб, бу нарсаларни магазиндан сотиб олдим. Параходға чиқиш олдидан дўхтурларнинг муоянасидан ўтмоқ лозим экан. Ҳожи агар касал бўлса, параходга рухсат бермас экан. Дадамни дам қисар касалликлари бор эди. Баъзилар айтдилар: «Дадангга дўхтурлар ижозат бермайди». Мен ҳожихона ходимлари била маслаҳат қилдим. Улар айтдилар: «Сан дўхтурдан ўтушда дадангдан муқаддам тутгин-да, даданга навбат келғонда ўн рупия пулни дўхтурнинг қўлига бергин, дўхтурдан илтимос қилгин, шу билан даданга руҳсат беради». Мени ўрду тилини билишим катта фойда қилди. Дўхтурга беш сўмлик «Николай» тиллисини қўлига бердим. Урду тилида дўхтурдан ижозат сўрадим. Дадам учун дўхтур руҳсат берди. Параходга чиқдик, рисолани олиб қарадим, бу жойда нима лозим бўлади. Езибдурки, иложи борича юқоридан жой олинг, чунки, параходни пастдаги уйлари кўп бесарамжон бўлади. Шундоғ ҳодисаларда лимонни кесиб, оғзига солиб, сўриб туриш керак. 
Ман рабочикларнинг бригада бошлиғини топиб, қўлига беш рупия бердим-да, яхши жойдан жой топиб беришини илтимос қилдим. Дадамга яхши жой олиб бериб, роҳат билан етқузуб қўйдум. Ҳақиқатда ҳам пастдан жой олган кишилар кўб қийналдилар. Ман лимон сўриш орқасида бошим ҳам айнағони йўқ. Дадам ҳам яхши холдалар. Одамлар мендан илтимос қилар эдиларки, лимондан бир парча кесиб берсангиз. Мен бир парча лимонни бир рупиядан сотғони турдум. Боши айланғон одамлар шу лимондан олиб, бош оғриқдан қутулдилар. Икки катта банкада лимон кансерва олғон эдим, ҳаммасини одамлар талашиб олдилар. Мен афсус қилдимки, кўп олсам бўлар экан. Параходда одатан ширин сувни ичмоқ учун очуруд билан берадилар. Таҳорат қилишга сув йўқ. Менинг арқоним билан пақирим намоз ўқувчиларга катта фойда берди. Пастдан шўр сувни тортиб олиб, таҳорат қилиб, намоз ўқушар эрдилар. Хулосаи калом, ўн тўрт кун параходда юрдуқ. 

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Ширк - улкан гуноҳ
Ширк - улкан гуноҳ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  муборак жасадларини ўғирлаш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак жасадларини ўғирлаш
Рамазон – ойлар сардори
Рамазон – ойлар сардори