Иймон турлари ва мунофиқлик аломатлари

Иймон турлари ва мунофиқлик аломатлари

Иймон турлари ва мунофиқлик аломатлари 

Банда ҳар бир хайрли ишини Аллоҳнинг номи билан бошлайди. Зеро, коф ва нундан иборат (کُنْ) яъни “Бўл” деган амри илоҳийси билан еру-осмонни яратди. Оламларни яратувчи зот бирор нарса (яратиш) ни ирода қилганида “бўл” дейиши билан ўша нарса вужудга келади. Қуръони каримнинг Ясин сураси 82-оятида Аллоҳ таоло бу хусусда шундай марҳамат қилади: 

إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ 

“Бирор нарса (яратиш) ни ирода қилганида, Унинг иши фақатгина: “Бўл!” –дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур)”.  

Аллоҳ таоло бизларга китоб (Қуръон) ни берди ва унда ёшу-қари барчага хитоб мавжуддир. Мўмину-мусулмон Аллоҳ таоло ниманики айтган бўлса уни узвий бажариб, Унинг тоатини жону-тан, чин кўнгил билан бажаришга ҳаракат қилади. Роббимиз айтган ҳар бир нарса борки, уни зарра миқдорида кам қилиш билан, ёки бажармаслик билан фақат биз инсонлар ўз жонимизга ҳадсиз-ҳудудсиз ситам қиламиз. Яъни Аллоҳнинг амр ва наҳийларига амал қилинмаса инсон ўз жисми-жону, руҳиятига катта йўқотишни амалга оширади. Бу ҳақиқат ўз исботини инсоният яратилмишидан буён исботлаб келмоқда. Эрта-ю кеч Расулимизга уммат бўлиб боғланишимиз бизнинг асосий талаб қилувчи феъл ва мақсадларимиздан иборат бўлиши даркор. 

Зеро, банда иймон ва исломнинг шартларини билмаса, уларнинг рукн ва ҳукмларидан огоҳ бўлмаса бундай бандани ҳеч бир мазҳаб, дийн (Ислом) ва миллат (Иброҳим халилуллоҳ) да мўмину-мусулмон демаслар. Чунки, мўмину-мусулмон бўлишдан мақсад улуғлик эгаси бўлган Аллоҳнинг якка-ю ягоналигини бутун вужуд ва руҳоният билан тан олиш ҳамда бу борада маърифат ҳосил қилиш, неъматлар билан тўла жаннатга дохил бўлиш, турли неъмат ва лаззат навларини ҳосил этиш ва унга эришиш, шунингдек, азобдан халос бўлишдир. Аллоҳнинг неъматларини санаб адоғига етиб, уни ҳисоблаб охирига етиб бўлмас. Шунинг билан бирга улуғ Аллоҳнинг даргоҳи илоҳийсига бевасила яқинлик ҳосил қилиб бўлмайди ҳамда Унинг абадий аламли азоби ва уқуботларидан бесабаб нажот топиб бўлмайди. Яқинлик ҳосил қилиш, азоб ва уқуботлардан нажот топиш сабаби иймон ва ислом ҳамда унинг шартларини яхши билмоқ, тўғри эътиқодда оғишмай амал қилмоқ, иймон келтириш вожиб бўлган барча нарсага иймон келтирмоқликдир.  

Савол туғилади Иймон нима? Иймон -  الإیمان إقرار بالسان و تصدیق بالقلب қалб билан тасдиқ этмоқ ва тил билан иқрор қилмоқликдур. Иймон сўзи луғатда “ишониш”, “тасдиқлаш” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг якка-ю ягоналигига, Унинг фаришталарига, Китобларига, Пайғамбарларига, Охират куни (қиёмат) га, Қазо ва қадар (ҳар бир яхшилик ва ёмонликни тақдирдан деб билиш) га ва (ўлгандан сўнг яна) қайта тирилиш каби, динига ишониб уни эътироф қилишга айтилади. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари иймонга қуйидагича таъриф берган эканлар: 

  1. Иймон  - қалб билан тасдиқ қилиш ва тил билан иқрор бўлиш ҳамда аъзолар билан амал қилиш. Мазкур таъриф Ашъария йўналишининг таърифи бўлиб, бунга Моликий, Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари эътиқод қиладилар.  

  1.  Иймон  - қалб билан тасдиқ қилиш ва тил билан иқрор бўлиш. Мазкур таъриф бизнинг яъни Мотуридия йўналишининг таърифи бўлиб, Ҳанафий мазҳаби эътиқод қилади ва бу кўпчилликни ташкил этади. 

Уламолар: “Банда нима билан иймонга кирган бўлса, ана шу нарсани инкор қилиш билан иймондан чиққан ҳисобланади” – деганлар. Бирор кишига куфр нисбати берилиши учун у киши диннинг асоси бўлган нарсалардан бирини инкор қилиши ёки бирор қатъий далил билан собит бўлган бирор ҳаромни ҳалол санаши ёки ихтиёрий равишда билиб туриб, атайин бирор куфр сўзни айтиши ёки куфрга далолат қилувчи бирор иш-ҳаракатни амалга ошириши керак. Шунинг учун қалбида иймони борлигини тилида иқрор қилганлар мўмин ҳисобланади. Аммо амалларга беэътибор бўлаётганлиги учун ёки гуноҳи кабираларни содир этаётганлиги учун қаттиқ гуноҳкор бўлади дейилади, иймондан чиқди дейилмайди. Чунки бу нарсалар илмсизлик, бепарволик, ялқовлик, дангасалик, масъулиятсизлик, унутиш каби сабаблар орқали содир бўлиши мумкин. Куфр ниятида эмас. Агар мўмин киши ибодатларни тарк этиш ва гуноҳи кабираларни содир этиш қанчалик оғир гуноҳ бўлишини англаганда эди асло бундай иш тутмаган бўларди. Баъзи уламолар иймонни маънавий ва амалий ҳукмларини қуйидагича келтирган эканлар: 

Фарзлари: Ғайбга иймон келтириш, ғайб илмини Аллоҳ таолога хос деб билиш, Жаннат билан Дўзахни кўрмай иймон келтириш, ҳалол нарсаларни ҳалол деб билиш, ҳаром нарсаларни ҳаром деб билиш, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиш, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш. Вожиблари: Уламолар билан суҳбат тутиш, гуноҳи кўп одамлардан ўзини узоқроқ тутиш, ташналарга сув бериш, беморларни аҳволини сўраш, етимларни бошларини силаш, етимларга шафқат қилиш, бечораларга мурувват қилиш, ўликларни кўмиш, икки уришган одамни яраштириш, йўл устидаги зарарли (тош каби) нарсаларни четга олиш, йўл устидаги нажосатларни устини ёпиб қўйиш, аёли ва фарзандларига шариат илмини таълим бериш. Амалий ифодаси: Ҳеч бир кишини қонини ноҳақ тўкмаслик, ҳеч бир кишини молини ноҳақ тортиб олмаслик, ҳеч бир кишини айбини ошкор қилмаслик, ҳеч бир кишини ёмонликка нисбат қилмаслик, мўминларни жаннатга киритишини қатъий ишониш. Доимий барқарор бўлиши: Киши иймонлик бўлганига доимо шод бўлиши, иймоннинг заволи (йўқ бўлиши) дан доимо қўрқиши, иймонни бузадиган нарса (омил) лардан қочиши. Дунёдаги фойдаларидан айримлари: Иймонли одамни шариат ҳукми билан моли ва жони омонда бўлади, агар зино қилса, шариатга кўра жазо (ҳад) ланади. Охиратдаги фойдаларидан баъзилари: Иймонли киши Дўзах оташидан омонда бўлади, Жаннатга киради, Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлади. Иймон турлари: Иймони матбуъ (эргашилган иймон) – фаришталарнинг иймони, иймони маъсум (покланган иймон) – пайғамбарларнинг иймони, иймони мақбул (қабул қилинган иймон) – мўминларнинг иймони, иймони мавқуф (тўхтаб турилган, қабуллиги шубҳали иймон) – бидъатчиларнинг иймони, иймони мардуд (рад қилинган иймон) – мунофиқларнинг иймонидир. Иймоннинг камоли дин ва миллатнинг йўлида бошига ҳар қандай машаққат ва ранжу-ситам етса уларга сабр қилишликдир. Ҳаё ҳам иймондан бўлиб, у банданинг юзида бўлади. Танаси беш вақт намоз, дили Қуръони каримни тиловат қилмоқликдир. Иймоннинг нури тўғрисўзлик хиралиги эса ёлғон сўзлашдир. Унинг танглиги бенамозлик, улуғлиги Аллоҳни кўп ёд этиш, пўсти шарм-ҳаё, меваси рўза, тухуми шариат илмларини ўқиб-ўрганиш, томири шариат ҳукмларини ихлос билан бажариш, чироғи ҳалол ейиш ҳаром нарсалардан қочиш ҳисобланади. Ҳар бир нарсани ўраб турувчи нарсаси бўлгани каби иймонинг қўрғони - фарзу вожиб, суннату мустаҳаб ва одобу ахлоқдан иборат. Билиб туриб тасдиқ қилмаслик яъни ишонмаслик бу иймон эмас. Зеро, лаъин шайтонда ҳам билмоқ бор аммо, тасдиқ йўқ эди. Шу сабаблидан иймонсиз кофир бўлди. Иймон исмда зиёда ҳам кам ҳам бўлмайди. Бироқ, амалда зиёда ва кам бўлади. Чунончи Отни озғинини ҳам семизини ҳам От дейилади. Лекин уни бажарадиган ишига қараб фарқланади. 

Уламоларнинг иттифоқлари билан куфр ва иймон бир маконда жам бўлмайди. Зеро, банда бир пайтнинг ўзида ҳам мўмин ҳам кофир бўлмайди. Куфр ва иймон бир-бирига зид бўлиб, бир жойда жамланмайди. Агар банда тил билан иқрор бўлиб дили билан тасдиқ қилмаса у банда шариат ҳукми билан мунофиқдир. Мунофиқ агар ўлса иймонсиз ўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 141-145-оятларида мунофиқлар тўғрисида шундай дейди:  

الَّذِينَ يَتَرَبَّصُونَ بِكُمْ فَإِنْ كَانَ لَكُمْ فَتْحٌ مِنَ اللَّهِ قَالُوا أَلَمْ نَكُنْ مَعَكُمْ وَإِنْ كَانَ لِلْكَافِرِينَ نَصِيبٌ قَالُوا أَلَمْ نَسْتَحْوِذْ عَلَيْكُمْ وَنَمْنَعْكُمْ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ فَاللَّهُ يَحْكُمُ بَيْنَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَنْ يَجْعَلَ اللَّهُ لِلْكَافِرِينَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ سَبِيلًا 

Улар (мунофиқлар) сизларни кузатиб турадилар: агар сизларга Аллоҳдан фатҳу зафар (ғалаба) бўлса, «сизлар билан бирга эмасмидик? (Ўлжадан бизга ҳам берингиз)», – дейишади. Борди-ю, (ғалабадан) кофирларга насиб этса: «Сизлардан устун турган ва сизларни мўминлардан ҳимоя қилган биз эмасми?» – дейишади. Улар ҳақида Аллоҳнинг (Ўзи) қиёмат куни ҳукм чиқаради. Аллоҳ кофирлар учун (қиёмат куни) мўминларга қарши сира йўл бермайди. 

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَى يُرَاءُونَ النَّاسَ وَلَا يَذْكُرُونَ اللَّهَ إِلَّا قَلِيلًا 

Дарҳақиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб қўювчидир». (Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар. 

مُذَبْذَبِينَ بَيْنَ ذَلِكَ لَا إِلَى هَؤُلَاءِ وَلَا إِلَى هَؤُلَاءِ وَمَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ سَبِيلًا 

Улар оралиқда сарсондирлар: на у ёқлик эмаслар ва на бу ёқлик. Кимники Аллоҳ адаштирса, унга сира йўл (чора) топа олмайсиз. 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا الْكَافِرِينَ أَوْلِيَاءَ مِنْ دُونِ الْمُؤْمِنِينَ أَتُرِيدُونَ أَنْ تَجْعَلُوا لِلَّهِ عَلَيْكُمْ سُلْطَانًا مُبِينًا 

Эй, имон келтирганлар! Мўминлар қолиб, кофирлар билан дўст тутинмангиз! Ўзингизга қарши Аллоҳ учун аниқ ҳужжат пайдо қилмоқчимисиз?! 

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ فِي الدَّرْكِ الْأَسْفَلِ مِنَ النَّارِ وَلَنْ تَجِدَ لَهُمْ نَصِيرًا 

Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур) лар. Уларга (ўшанда бирор) ёрдамчи топмайсиз. 

Ушбу оятлардан шу нарса маълум бўладики, мунофиқлар жангда мусулмонлар ғалаба қилсалар ҳам, кофирлар ғалаба қилсалар ҳам, ўлжа олишга ҳаракат қилар эканлар. Мунофиқ, бу исломий истилоҳда тилида имон келтириб, мусулмонлар ичида юрадиган, дилида эса, имон келтирмаган, балки куфрга содиқ қолган кимсадир. Мусулмон киши гарчи одамлар билан қилган муомалаларида дунёвий фойда орттириш мақсадида хушомадгўйлик қилиб юрса ҳам уни мунофиқ деб атаб бўлмайди. Зеро, мусулмон одамни мунофиқ дейиш мушрик ёки кофир дегандан ҳам оғир ҳақоратдир. Афсуски, одатда лоқайдлик қилиб, бу иснодни мусулмонларга нисбатан истеъмол қилувчилар ҳам бор. Демак, мунофиқнинг ҳам қароргоҳи, ўрни дўзахнинг тубида экан. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида мунофиқнинг аломатларини санаб ўтганлар:  

حدثنا سليمان أبو الربيع قال حدثنا إسماعيل بن جعفر قال حدثنا نافع بن مالك بن أبي عامر أبو سهيل عن أبيه عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال آية المنافق ثلاث إذا حدث كذب وإذا وعد أخلف وإذا أؤتمن خان 

"Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда қилса, ваъдасида турмайди, ўзига топширилган омонатга хиёнат қилади" (Имоми Бухорий. "Саҳиҳ")  

Мунофиқ кофирдан ҳам ёмондир. Чунки, кофирда куфр сўзи ва хатти-ҳаракати очиқ-ойдин маълумдир аммо мунофиқда эса бу ҳолатлар яширин бўлиб, яна энг ёмон томони мўмин-мусулмонлар орасида аралаш юради. Мана шу жиҳатдан ҳам хатарли бўлиб, мўмину мусулмонларга ёмонлиги, зарари, ёлғони, ваъдасига хилоф иш қилиши, хиёнати кабилар билан зарар етказишда давомли бўлади. Мумину мусулмонлар тарихда ҳам ҳозир ҳам уларнинг хатарли, яширин хатти-ҳаракатларидан озор чекиб келадилар.  

Ҳадисдаги ёлғон - ёлғон гапиришга инсон кўпроқ ёшлик вақтида одат қилади. Ёки ирсиятида бўлганларда ҳам кўпроқ кузатилади. Агар ота-она ушбуга ўз вақтида эътибор қаратмаса, кейинчалик бу одат табиатга айланиб, хоҳ фойда кўрсин ёки кўрмасин ёлғонидан лаззатланадиган бўлади. Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳи Сафвон ибн Салим исмли саҳобадан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Мўмин киши қўрқоқ бўлиши мумкинми? Ҳа бўлиши мумкин. Мўмин киши бахил бўлиши мукинми? Ҳа бўлиши мумкин. Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми? Йўқ, бўлиши мумкин эмас” – дедилар. (ал-Муватто). Демак, қўрқоқлик ва бахиллик мўмин бўлишга монеълик қилмас экан. Аммо, ёлғончилик мўминлик сифатидан эмас экан. Маълумки, мунофиқлик аввал Мадинада пайдо бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундайлардан кўп жабру жафолар кўрдилар. Ҳадисда зикри келган мазкур уч хислат мунофиқликнинг энг машҳур аломатларидан бўлиб, булардан бошқа аломатлар ҳам бўлиши мумкин. 

Тасдиқ ва иқрор бандани Аллоҳ таолонинг розилиги ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушнудлигига сабаб бўлади. Бироқ амалларга бепарволик бу иблис алайҳи лаънанинг хохиши бўлиб, Аллоҳ ва Унинг Росулига мухолифат ўлароқ фисқ ва маъсиятга чорлайди. Шундай бўлсада иқрор ва тасдиғи бор банда ўзининг мазкур амалларга бепарволигидан ўзи ҳижолат чекиб яшайди. Сабаби унда иймон нури мужассам. Ана шундай экан ҳар бир банда Аллоҳ ва Унинг Росулига хилоф иш қилиши лойиқ эмас. Банданинг Аллоҳ ва Унинг Росулига хилоф иш қилиши албатта, розилик аломати эмаслиги очиқ-ойдин маълум ва машҳурдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар (гуноҳни) зиёда қилса, (қалбидаги қора ҳам) зиёда бўлади. Мана шу Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда зикр қилган моғордир. “Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир»” -  дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Савоб иш қалбга нур ва баданга қувват бўлур. Гуноҳ иш қалбга зулмат ва баданга беҳоллик бўлур», деган эканлар. Аллоҳ таоло гуноҳи бўла туриб гуноҳдан қўрқмайдиган, тап тортмай гуноҳ ишни яна қилаверадиган бандаларини огоҳлантириб Мутоффифийн сурасининг 14-оятида шундай марҳамат қилади:  

كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ 

“Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир”. Банда кўнглининг қоралигига аломат шулки, гуноҳига афсус-надомат қилмайди, тоат-ибодатнинг қадрини билмайди, насиҳат фойда бермайди.  

Аллоҳ таоло у ёки бу  мунофиқлик иллатларидан ўз паноҳида асрасин!  

 

 “Ҳазрати имом” жомеъ масжиди муаззини М. Азимов  

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Фақирлик сабаблари
Фақирлик сабаблари
Gʻazablangan holda hukm chiqarishdan saqlaning.
Gʻazablangan holda hukm chiqarishdan saqlaning.
Мусулмон киши қандай қилиб қишда касалликлардан ҳимояланиши мумкин?
Мусулмон киши қандай қилиб қишда касалликлардан ҳимояланиши мумкин?