Ҳалол ризқ

Ҳалол ризқ

Бизларга икки улуғ неъматни: хотиржамлик ва сиҳҳатни берган ва шу билан бирга ризқимизни азалдан белгилаб қўйган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Умрларини бизларга бахшида қилган, умматлари учун ҳамма нарсага тайёр бўлган Расули Акрам с.а.в.га чексиз дуруду саловотлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандаларга бу дунёни имтиҳон майдони қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсаларни яратиб қўйди. Парвардигорнинг раҳмати кенг бўлганлиги учун ҳаром нарсаларни жуда оз яратди. Шунинг учун Ўзининг китобида уларни ҳаммасини зикр қилиб, уларга яқинлашмасликни ҳам огоҳлантириб қўйди. Ҳаром нарсаларнинг бадалига инсон учун ўнлаб ҳалол нарсаларни таклиф қилди. Шунинг учун бизлар, муҳтарам жамоат, берилган ақл неъматини ишлатиб, бу дунёдаги ҳалол билан ҳаром ризқнинг фарқига бориб, покиза хўрокдан тановвул қилайлик. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида марҳамат қилиб айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُلُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُواْ لِلّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза (ҳалол) нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، أَنّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ:طَلَبُ الْحَلالِ فَرِيضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ.

Ҳалол ризқни талаб қилишлик фарз амалларидан кейин турувчи фарздир”.

Дарҳақиқат, азизлар, ҳар бир банда мўмин ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб билиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олди-бердиларда, қайси ҳолатлари ҳалолу қайсиниси ҳаром эканлигини ўрганиб билиши фарз.

Одам а.с. деҳқончилик, Нуҳ а.с. ва Закариё а.с. дурадгорлик, Идрис а.с. хаттотлик, Иброҳим а.с. баззоз бўлганлар, яъни газлама савдогари, Довуд а.с. темирчилик, Шуайб а.с. чўпонлик, Сулаймон а.с. сават тўқиганлар, Ийсо а.с. табиблик, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. тижорат қилганлар.

النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ يَقُولُ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ :« الْحَلاَلُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لاَ يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِعِرْضِهِ وَدِينِهِ وَمَنْ وَقَعَ فِى الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِى الْحَرَامِ كَالرَّاعِى يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يُوَاقِعَهُ ثُمَّ إِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلاَ وَإِنَّ حِمَى اللَّهِ مَحَارِمُهُ ألاَ وَإِنَّ فِى الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِنْ فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلاَ وَهِىَ الْقَلْبُ ».

Ҳалол ҳам маълум, ҳаром ҳам маълум. Унинг орасида шубҳалар мавжуд, кўпчилик унга парво қилмайди. Кимики шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини сақлабди. Кимики шубҳаларга парво қилмаса, албатта, ҳаромга йўлиқади. Худди қўйларини жар ёқасида боқаётган чўпонга ўхшайди, бир кунмас, бир кун албатта улардан биттаси тушади. Ҳар бир подшоҳнинг чегарси бўлгани каби, огоҳ бўлингким, Аллоҳ таолонинг чегараси ҳаромгачадир. Билингким, инсонда бир гўшт парча бор агар у соғлом бўлса, бутун аъзои бадан соғлом бўлади. Агар у бузилса, бутун аъзои бадан бузилади. У ҳам бўлса, қалбдир

Зунун Мисрий: “Агар қалбинг юмшашни истсанг, тез-тез рўза тут. Шунда ҳам юмшамаса, кўпроқ намоз ўқи. Агар шунда ҳам юмшамаса, етимларга меҳрибонлик қил”- дейдилар.

Ҳаром ҳақида Худои таоло деди:

وَلاَ يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللّهُ وَرَسُولُهُ وَلاَ يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ

Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдилар, Ҳақ (Ислом) динига эътиқод қилмайдилар

قُلْ أَرَأَيْتُم مَّا أَنزَلَ اللّهُ لَكُم مِّن رِّزْقٍ فَجَعَلْتُم مِّنْهُ حَرَامًا وَحَلاَلاً قُلْ آللّهُ أَذِنَ لَكُمْ أَمْ عَلَى اللّهِ تَفْتَرُونَ

Айтинг, хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқдан (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз. Айтинг: (бундай қилишга) Аллоҳ сизларга изн бердими ёки Аллоҳ шаънига бўҳтон қилмоқдамисизлар?!”

Алиййул Ҳаввос р.а. дейдилар: “Ҳаром еб ибодат қилган кимса, айниган тухумни босиб ётган кабутарга ўхшайди. Айниган тухум босган кабутар нафсини қийнасада, аммо бирорта полопон чиқара олмайди.

Ҳаром ейишнинг зарарларидан бири: ҳаром оловга айланади, фикрлаш қобилиятини, зикр лаззатини кеткизади, ихлосни куйдиради, қалб кўзини кўр қилади, ҳикмат ва маърифатуллоҳ ҳаловатидан тўсиб қўяди, ғафлат ва унутиш балосига гирифтор қилади, банданинг гуноҳ қилишига асосий сабаб ҳам ҳаром ёйишидадир, иймонни заифлаштириб бораверади-да, охир оқибат иймондан айиради”.

Ким мол-дунёни гуноҳ йўллар билан топса, сўнгра ундан садақа қилса ёки ундан қариндошларига ҳайру эҳсон қилса ёки Аллоҳ йўлида ишлатса, қилганларининг ҳаммаси жамланиб, дўзахга ташланади”.

Имрон ибн Ҳусайн р.а.дан ривоят қилинадики: “Аллоҳ таоло рибо, порахўрлик, хиёнат ёки ўғрилик орқасидан ҳаж қилган кишининг ҳаж ва умрасини, хайру эҳсонини ва нафақасини қабул қилмайди”.

عن أبي هريرة قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " من طلب الدنيا حلالا استعفافا عن المسألة وسعيا على أهله وتعطفا على جاره لقي الله ووجهه كالقمر ليلة البدر".

Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”.

Муҳтарам жамоат, Имом Ғаззолий дейдилар: “Билинким, киши ўзини ва аҳлини инсонлардан беҳожат қилиши ва оиласига муҳим керак нарсаларни олиб беришлик учун касб қилиши, яъни меҳнат қилиши нафл ибодатлардан кўра афзалроқдир, худди Аллоҳ йўлида юрган жангчига ўхшайди”.

Мол-дунёни ҳожатдан ташқари кўпайтирмасдан ва кифоя қиладиган даражадан камайтирмасдан талаб этган киши энг мўътадил ва мақтовга арзигулик ҳолатдадир. Пайғамбаримиз с.а.в. айтганлар: “Аллоҳ таоло менга шундай калималарни ваҳий қилдики, улар қулоғимга кириб, қалбимда ўрнашди: “Кимки молидан ошганини ато қилса, бу унинг учун яхшидир. Кимки бахиллик қилса, бу унинг учун ёмондир. Аллоҳ таоло кифоя қилгудек мол учун маломат қилмайди”.

Муовия ибн Ҳайдадан ривоят қилинади: Расули Акрам с.а.в.дан сўрадим: “Эй Аллоҳнинг Расули, мол-дунёнинг кифоя қиладиган миқдори қанча?” “Оч бўлсанг, тўйдирадиган даражадагиси, авратингни ёпадиган даражадагиси. Агар ҳовлинг бўлса, ўша ҳам кифоя қилгудек. Агар уловинг бўлса, нақадар яхши у ҳам кифоя қилгудек. Яримта нон, бир кўзада сув кифоя қиладиган молу дунёдир. Билгинки, иштоннинг устидаги нарсалардан сўралгувчисан”.

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳикоя қилади: Умар ибн Абдулазиз Жарроҳ ибн Абдуллоҳга шундай мазмунда мактуб битди: “Агар тоқатинг етса, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсаларнинг бир қисмига тегма! Чунки улар сен билан ҳаромнинг ўртасида тўсиқдир. Кимики ҳалолнинг ҳаммасини ўзлаштириб олса, ҳаром билан унинг ўртасида тўсиқ қолмайди ва нафси ҳаромга мойил бўлиб қолади”.

عَنْ عَطِيَّةَ السَّعْدِىِّ وَكَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « لاَ يَبْلُغُ الْعَبْدُ أَنْ يَكُونَ مِنَ الْمُتَّقِينَ حَتَّى يَدَعَ مَا لاَ بَأْسَ بِهِ حَذَرًا لِمَا بِهِ الْبَأْسُ ».

Банда, шубҳали нарсаларга йўлиқиб қолмай деб, шубҳасиз нарсаларни ҳам қилмаса, ўшанда тақводорлар даражасига етишади”.

Энг аниқ нарсаларга эътибор бериши керак, мубоҳлардан ҳам иложи борича парҳез қилмоғи лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"إِنَّ مِنَ الذُّنُوبِ ذَنُوبًا لا تُكَفِّرُهَا الصَّلاةُ وَلا الصِّيَامُ وَلا الْحَجُّ وَلا الْعُمْرَةُ"، قَالُوا: فَمَا يُكَفِّرُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ؟ قَالَ:"الْهُمُومُ فِي طَلَبِ الْمَعِيشَةِ".

Дунёда шундай бир гуноҳ борки, уни на 5 вақт намоз, на рўза, на ҳаж ва на умра билан ўчади. Сўрадилар: Ё Расулуллоҳ, унда у гуноҳни нима ўчиради? Пайғамбаримз с.а.в.: Ўша гуноҳни ўчирувчи фақат бир ғамдир. Аҳлини ҳалол билан боқишликка тиришаётганнинг ғами. Ҳалол ризқ топиш йўлида ғам чекувчининг ғами”.

Аллоҳ таоло деди:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ

Энди қачон намоз адо қилингач, ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар

ҲИКОЯТ

Бир куни Пайғамбаримиз с.а.в. саҳобалари билан бомдод кейин ўтирган эдилар. Бир бақувват йигит масжиддан тезлик билан чиқиб бозорга югурди. Шунда саҳобалар: Во дариғо, ундан кўра охират ишига мунча шошилса арзирди – деганларида, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Бундай деманглар, агар бу йигит ўзини инсонлардан беҳожат қилишлик учун ё ота-онаси ва оиласини боқиш учун бу ишни қилса, Худои таоло наздида ибодатдек бўлади. Аммо агар дунё кўпайтириб мақтаниш учун, бошқаларга кўз-кўз қилиш учун бу амални қилса, бу шайтоннинг амалидандир”.

"Жалойир" жоме масжидининг имом-хатиби     Абдулвоҳид Абдулҳаким

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашиш
Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашиш
Ақийда дарслари (3-дарс). Ақийдавий фирқаланиш
Ақийда дарслари (3-дарс). Ақийдавий фирқаланиш
Сабрнинг фазилати
Сабрнинг фазилати