Аллоҳнинг ягоналиги

Аллоҳнинг ягоналиги

بسم الله الرحمن الرحیم 

Аллоҳнинг ягоналиги, ҳеч қандай шериги йўқлиги, Унинг зотий ва феълий сифатлари ҳамда исм ва сифатларининг ўзига хослиги Сўфи Аллоҳёр талқинида 

Улуғ йўлни қўюб ўлгунча, эй ёр, Қадам қўйма, тояр ерларға зинҳор. (Сўфи Аллоҳёр. “Саботул ожизийн”) 

Ақида матн китобларимизда энг аввалги мавзу айнан Аллоҳнинг ягоналиги, ҳеч қандай шериги йўқлиги, Унинг зотий ва феълий сифатлари ҳамда исм ва сифатларининг ўзига хослиги тўғрисида қайд этилади. Зеро, ислом шариати аввало бандани Роббисини танишига, Унга қуллик изҳор қилишда мустақим йўлда бўлишига алоҳида эътибор қаратади. Шу ерда Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳи қаламига мансуб “тавҳид” рисоласининг охиридаги қуйидаги матнни келтириш жоиз. Имом айтадилар -  

الا أن یأتی بعد ذلک شئ یهدمه او یخل به... 

...(Огоҳ бўлинг!) Мана шундан кейин фақат уни вайрон қиладиган ва унга халал етказадиган нарсалар келади” – дейдилар. Мана шундан кейин деб Имом Мотуридий (“тавҳид” рисолаларининг деярли барча матнлари юқоридаги мавзуга қаратилгандир.  

Дарҳақиқат, якка-ю ягоналик ёлғиз Аллоҳ таъолога хосдир. У ҳеч қандай шериги, ўхшаши йўқ зотдир. Якка-ю ягоналик сифати фақат Аллоҳ таъолога нисбатан қўлланилади. Дунёда бирор бир нарсага якка, ягона сўзлари қўлланилган тақдирда ҳам бу мажозан ишлатилади. Эътиқод юзасидан эмас. Чунки дунёда ишлатилган нарсанинг ўхшаши, тенги ёки йўқдан унинг монанди яратилиши мумкин. Йўқдан бор бўлган нарсанинг қисмлари ва бўлаклари бўлади. Аллоҳ таъоло эса қисм ва бўлаклардан ташкил топган эмас.  

Сўфи Аллоҳёр (ал-Ҳанафий, ал-Бухорий) роҳматуллоҳи алайҳи тавҳидни қуйидагича таърифлайдилар:  

Худовандики бирдур бешаку райб, 

Раво эрмас анга ўртоқ ила айб. 

Парвардигорнинг якка-ю ягоналиги шак-шубҳасиз (райб-гумон маъносида) дир. Унга шерик ёки айбу-нуқсонни нисбат бериш дуруст эмас.  

Анинг фармонидин ҳеч ким қутулмас,  

Тавонодир ҳамиша ўзга бўлмас. 

Эрур ул барча оламнинг Худоси, 

Анинг йўқ ибтидоси, интиҳоси. 

Барча оламнинг илоҳи бўлмиш Аллоҳ, бошланиш ва якун топиш каби нуқсонлардан ҳам покдир.  

Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,  

Анга қилғон эмас сабқат замони. 

У доимо ҳозир (мавжуд) бўлиб, Унга макон нисбат берилмайди ва шунингдек, замонларнинг ўтиши ҳам эътиборсиздир. 

Ўзи бешубҳадир ҳам бенамуна,  

Раво эрмас анга чуну-чигуна. 

Аллоҳ барча шубуҳотлардан холи бўлиб, Унинг намунаси яъни ўхшаши йўқ. Бу каби майда-чуйда фикрларни Аллоҳга нисбатан қўллаш умуман раво эмас. Тўғри эмас. 

Кўнгилга кечса, кўзга тушса ҳар шай, 

Эрур андин муназзаҳ Холиқу Ҳай. 

Оламдаги кўзга кўринган ҳар қандай нарсадан ёки кўнгилда тасаввур қилинган ҳар бир кўринишдан Холиқу Ҳай (Бутун оламни яратувчиси, доимо тирик) бўлган зот муназзаҳ (пок) дир. Чунки, банда томонидан тасаввур қилинган нарса замон ёки маконнинг ичида бўлади, бусиз иложи йўқ. Аллоҳ таолога эса замон ёки маконни нисбат бериш умуман мумкин эмас. Зеро, замон ва маконни ҳам Аллоҳ яратгандир. У ўзи Яратган нарсаларга ўхшашдан муназзаҳдир.  

Удир ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас, 

Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас. 

Дунё-ю охиратда ёлғиз У Ҳокимдир. Унинг ҳукмини ҳеч бир мавжудот ўзгартира олмайди ва бунга қурби ҳам етмайди. Ана шундай улуғ ва олий бўлган Аллоҳнинг зотига ҳеч бир кимсани ақли етмайди.  

Фаришталар, набийлар етмадилар,  

Бўйинсундилару фикр этмадилар. 

Аллоҳнинг зоти ҳақида фикр юритишда У зотга муқарраб бўлмиш хос фаришталар-у пайғамбарлар ўзларининг ожизлигини эътироф этган ҳолда бутун борлиқлари билан унга бўйинсундилар. Фикр юритмадилар. Шундай экан унинг зоти ҳақида фикр юритадиган, турли мушоҳадалар, қарашларни илгари сурадиган бадбахтлар ҳақида нима дейиш мумкин! 

Вале фикр эт, Худонинг қудратиға,  

Ажойиб ишлариға, санъатиға. 

Ва лекин, Яратган Роббимизнинг сон-саноқсиз, зойил бўлмайдиган, доимо мавжуд қудрати ҳақида фикр юритмоқ, мушоҳада этмоқ, бир-биридан ажойиб яратмишлари, илми, ҳикмати, санъати кабилар ҳақида тафаккур этиш жоиз ва маҳбуб амалдир.  

Сўфи Аллоҳёр ўзларининг “Саботул ожизийн” китобларида Аллоҳнинг зотий ва феълий сифатлари хусусида ҳам жуда халқчил тушунча бериб ўтадилар. Зеро, Аллоҳнинг тавҳидидан сўнг Унинг зотий ва феълий сифатларини ҳам яхшилаб англаб олмоқ ва қандай бўлса шундайлигича қатъий эътиқодда бўлмоқ айни муддаодир.  

Субутийдур анин саккиз сифоти, 

Сифат зоти эмас, на ғойри зоти 

Аллоҳнинг зотий сифатлари саккизта бўлиб улар зотининг ўзи ҳам эмас ўзидан ўзга ҳам эмас. Зотий сифатлари қуйидагилар;   

Ҳаёту, илму, қудрат ҳам басар самъ, 

Иродаву, калом, таквиндур эй шамъ. 

Ҳаёт улким тирикдур, ўзга бўлмас, 

Ўлар ҳар зи нафс, ҳаргиз Ул ўлмас. 

Ўзини зотидин ҳайдур ўшал шаҳ,  

Ва лекин, жисм ила жондин муназзаҳ. 

Керакмасдур Худоға ҳеч қаю шай,  

Ғанийдур барча оламдин ўшал Ҳай. 

Эмас муҳтож ҳеч ишга Ҳақ таоло,  

Юбормағил кўнгилни шайбу боло. 

Агар мунда юборурсан кўнгулни, 

Солур шайтон кўнгилга ўзга йўлни. 

Ҳаёт сифати тириклик маъносини билдириб, унинг акси бўлиши мумкин эмаслигини мусанниф таъкидламоқдалар. Шунинг билан бирга ҳар бир нафс (жон) ўлади аммо бу ўлиш, фоний (йўқ) бўлиш умуман Аллоҳга нисбатан қўлланилмайди. Зеро, илоҳлик шарти ҳам шундай. Ўзининг зотида ҳай (тирик) бўлган ўша шоҳ (Аллоҳ) жисм ва жон деган сифатлардан покдир. Бу икки сифат махлуқотларда бўлиб, улар жисм ва жон ёки уларнинг биридан ташкил топадилар. Аллоҳ таолога ҳеч қандай нарса керак эмас, У зот бутун оламлардаги барча нарсадан беҳожатдир. Зеро, оламларни яратувчиси, бутун борлиқни тарбиясини қилувчиси Унинг Ўзидир. Ҳеч бир нарсага муҳтож эмас. Энди шундай экан, агар кўнгилни турли бузғунчи ўй-фикрлар чўлғаб олса бунда шайтон ҳам ишга киришиб, ўзининг йўлига киритиш пайида бўлади. Ўзга йўлларни зийнатлаб кўрсатади ва бандани Роббисидан йироқлаштиришга бор куч-ғайратини сарфлайди.  

Сифотининг биридур илм, ёро, 

Эрур донойи ғайбу ошкоро. 

Халойиқдин кичикдур ё улуғдур,  

Бўлибдур ҳар на иш ё бўлғулуғдур. 

Турмушдур ё юрушдур хайру шардин,  

На ким тегса, анга нафъу зарардин. 

Кўнгилга кечса қайси ҳоли пеша,  

Эмас пўшида илмидин ҳамиша. 

Эй дўстлар! Илм ҳам Аллоҳнинг зотий сифатларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло бор-у йўқ нарсаларнинг барчасини билади. Илмининг олдида ҳеч бир нарса мафҳум эмас. Юриш-туриш, яхши-ёмон, фойда-зарар каби нимаики ҳолат кўнгилдан ўтса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг илмидан холи эмас.     

Билур ҳар кимда бўлса маърифатдин,  

Бири қудрат эрур саккиз сифатдин. 

Нафслик ё нафссиз, буду нобуд,  

Не ким икки жаҳонда бўлса мавжуд. 

Зарардур, нафъдур ё хайр, шаррдур, 

Яқин билгил қазо бирла қадардур. 

Халойиқнинг жамиъи феълу қавли, 

Эмас бир зарра бетақдири Мавли. 

Кимдаки илм-маърифатдан насиба бўлса, Аллоҳ таолонинг яна бир зотий сифати Қудрат эканлигини яхши билади. Нафси бор ёки нафси йўқ, мавжудлиг-у йўқлик, икки жаҳон (Дунё-ю охират) да нимаики бўлса, зарарми, фойдами, яхшилик ё ёмонликми буларнинг барчасини яхши билгинки, қазо билан қадардан иборат. Яратилмишларнинг барча ҳаракот-у саканотлари зарра миқдорида бўлса ҳам Мавло (Хожа) мизнинг тақдиридан ўзга эмас. 

Ирода айлагач, Халлоқи олам, 

Ҳар ишни “бўл”! деди, бўлди ўшал дам. 

На этса эрки бору, қудрати бор,  

“Қўли бирла яратди” дема зинҳор. 

Тилингни сақла бундоғ қавли баддин, 

Худовандим муназзаҳдир жасаддин. 

Каломи ҳақдаким “яд” айлади ёд, 

Анинг бир васфидур эй одамизод. 

Аимма билди Қуръон маънисин туз,  

Кўнгилни қўймағил сан ҳар қаю юз. 

Оламларни яратувчи зот бирор нарса (яратиш) ни ирода қилганида “бўл” дейиши билан ўша нарса вужудга келади. Қуръони каримнинг Ясин сураси 82-оятида Аллоҳ таоло бу хусусда шундай марҳамат қилади: 

إِنَّمَا أَمْرُهُ إِذَا أَرَادَ شَيْئًا أَنْ يَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ 

“Бирор нарса (яратиш) ни ирода қилганида, Унинг иши фақатгина: “Бўл!” –дейишдир. У (нарса) эса бўлур (вужудга келур)”. Нима қилишни ирода қилса ўзининг ихтиёрида, қудрати бор. Зинҳор унинг яратган нарсаларини “қўли билан яратди” дея кўрмагинки, бундай ёмон сўздан тилингни сақла. Зеро, Парвардигори олам жисм, жасаддан муназзаҳ (пок) дир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло “яд” сўзини келтирди. Эй одам фарзандлари! бу У (Аллоҳ) нинг бир васфидур. Мазкур сўзни кенгроқ тушунишимиз учун келинг! ўша ояти каримани ўзини ўрганайлик. Аллоҳ таоло Фатҳ сурасининг 10-оятида шундай дейди:  

إِنَّ الَّذِينَ يُبَايِعُونَكَ إِنَّمَا يُبَايِعُونَ اللَّهَ يَدُ اللَّهِ فَوْقَ أَيْدِيهِمْ فَمَنْ نَكَثَ فَإِنَّمَا يَنْكُثُ عَلَى نَفْسِهِ وَمَنْ أَوْفَى بِمَا عَاهَدَ عَلَيْهُ اللَّهَ فَسَيُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا 

“(Эй, Муҳаммад!) Ҳақиқатан, Сизга байъат (қасамиёд) қиладиганлар, албатта, Аллоҳга байъат қилган бўлурлар. Аллоҳнинг “қўли” уларнинг қўллари узрадир. Бас, кимки (ўз қасамиёдини) бузса, бас (у) фақат ўз зарарига бузур. Кимки Аллоҳ билан аҳдлашган нарсасига вафо қилса, у ҳолда (Аллоҳ) унга улкан мукофот ато этур”. Ҳудайбия водийсидаги бир туп дарахт (номи Самура ёки Сидра мазкур дарахтни мусулмонлар табаррук қадамжо сифатида зиёрат қилишга ружу қўйганлари сабабли Умар розияллоҳу анҳу ширкка айланиб кетишидан қўрқиб, уни жойидан олдириб ташлаганлар) остида бир ярим мингга яқин мусулмонлар Росул алайҳиссаломга ҳар қандай шароитда ҳам содиқ бўлишлари ҳақида қасамиёд этганлар. Бу воқеа ислом тарихида “Байъатур - ризвон” номи билан машҳурдир. Унинг маъноси Аллоҳ рози бўладиган қасамиёд. Ушбу байъатда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар билан қўлни қўлга қўйиб байъат қилганларида Аллоҳнинг “қўли” ҳам уларнинг қўллари устига қўйиб турилгандек бўлиши ёки пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари мўминларнинг қўлларини устига қўйилгани гўё Аллоҳнинг “қўли” қўйилгани билан баробардир. Гўё бошқа оятда “Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этган киши Аллоҳга итоат этган бўлади”, - дейилгани каби. Аимма (тўрт мазҳаб имомлари, умум маънода аҳли суннанинг барча имомлари) Қуръони каримдаги мазкур “қўл” маъносини жуда яхши тушундилар ва тўғри таъвил қилиб, бу хусусда ақоид китобларида битиб ҳам қўйдилар. Шундай экан бизнинг вазифамиз улуғ мужтаҳид имомларимиз юрган йўлда маҳкам туришимиз кўнглимизни турли томонга бурмаслигимиз лозим. Акс ҳолда (Аллоҳ асрасин!) адашиш ҳеч гап эмас. 

Басар ҳам самъ анинг васфи било шак, 

Басар маъниси – кўрмак, самъ – эшитмак. 

Не ким мавжуд эрур дунёву дунда, 

Фалакдин юқори, зери заминда. 

Эшитмак, кўрмаги бешубҳаву райб, 

Эрур бирдек ҳамиша зоҳиру ғайб. 

Эшитмак кўрмагидур қудратидан,  

Қулоқдин, кўздин эрмас, билгил эй тан. 

Қулоқ, кўз бандага ҳожат эрур, бас 

Худо ҳеч қайсининг муҳтожи эрмас. 

Тирилсанг охиратда, эй харидор  

Худойим дўстларға кўрсатур дийдор. 

Вале кўрмакни бечуну чунон бил,  

Жиҳатсиз бил, мислсиз, бемакон бил. 

Ўшалким билдирур бешаклигини, 

Билур ул яхши кўрсатмаклигини. 

Басар ҳам, Самъ ҳам У (Аллоҳ) нинг зотий сифатларидан бўлиб, Басар – кўрмоқ, Самъ – эшитмоқ маъносида. Дунёда нима нарса мавжуд бўлса у фалакда бўладими ёки етти қат заминнинг остида бўладими уни шубҳасиз эшитади ва кўради. У (Аллоҳ) учун кўриниб турган нарса бўлсин ёки кўринмайдигани бўлсин бунинг қизиғи йўқ. Айбли сифатлар махлуқларига хос. Аллоҳ эса бу каби нуқсонлардан муназзаҳдир. Аллоҳнинг эшитиши ва кўриши махлуқотларнинг қулоқ ва кўзлари каби воситалар асосида эмас балки, бу У (Аллоҳ) нинг қудратидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг саккиз зотий сифатларини ақида матнларимизда “Аллоҳнинг зотий сифатлари унинг ўзи эмас ва ундан ўзга ҳам эмас” деб таърифланди. Буни яхшилаб англаб олгин эй тан (вужуд) соҳиби! Қулоқ, кўз аъзолари банда учун энг зарурий ҳожатларидан ҳисобланади. Аллоҳ эса махлуқларнинг сифати билан сифатланмайди, бунга муҳтож ҳам эмас. Мўмин банда учун Охиратда, тирилгандан сўнг Аллоҳнинг жамолини кўриши эътиқодимизда бор. Лекин, ушбу кўриш жиҳатсиз, мисл (ўхшатиш) сиз, маконсиз амалга ошади. Мана бу ҳолат У (Аллоҳ) нинг шак-шубҳасиз мавжудлигига далолат ҳамда У зот Ўзини қандай кўрсатишини ҳам яхши билади. 

Билур ҳар одамийнинг бўлса эси,  

Калом эрмиш сифотининг бириси. 

Каломи ҳодис эрмасдур, қадим бил, 

Анинг айғон сўзи бекому, бетил.  

Халойиқ сўзламас бекому, тилсиз, 

Худо муҳтож эмас, ҳеч ишга ҳаргиз. 

Битилса ё ўқилса, олса эл ёд, 

Булар ҳодис эрур, эй одамизод. 

Худойимни каломин яхши бил боз,  

Сўзини зотида йўқ ҳарфу овоз. 

На ким махлуқида бор эрса, эй шаҳ, 

Худовандим эрур андин муназзаҳ. 

Ҳар кишининг эс ҳуши жойида бўлса (яъни эътиқодда тўғри турган бўлса) Калом Аллоҳнинг зотий сифатларининг бириси эканини билади, тасдиқлайди. Мазкур сифати ҳам кейинчалик пайдо бўлиб қолмаган аксинча, қадимдир. У (Аллоҳ) нинг айтган сўзлари аъзо (тил) лар билан эмас. Ундан ўзга махлуқотларнинг барчаси у ёки бу аъзо (тил) га эҳтиёж сезади. Эй Одам зурриёди! Нарса масалан: қоғозга ўхшашларга битилса, ёки ўқилинган овоз ва шунга ўхшаш нарсаларнинг барчаси янгидан, кейинчалик пайдо бўлган. Яна ҳам яхши билиб олиш керакки Аллоҳнинг калом (сўз) ида махлуқларнинг нуқсонлари каби ҳарфга ёки овозга муҳтожлиги йўқ. Умуман олганда махлуқларидаги мавжуд яратилмишлар ва турли нуқсонли сифатлардан Роббим муназзаҳ (пок) дир.  

Сифотининг бирисидур ирода,  

Муни билган киши етган мурода. 

Қадалса бир тикан ё тушса бир қил,  

Иродасиз эмас ҳеч иш, яқин бил. 

Агар мўре қўяр ер устиға по,  

Ва гар бир заррача қум бўлса бежо. 

Булардин ё кичикдур ё зиёда,  

Эмасдур ҳеч бир нарса беирода. 

Яна бир зотий сифати Ирода бўлиб, уни яхши тушуниб шундайлигича эътиқодда бўлса, киши мурод-мақсадига етади. Аъзойимизга бир тикан қадалса, бир қил бирор жойга тушса биз махлуқотлари учун шу қадар кўримсиз, эътиборсиз ушбу ҳолатлар ҳам У (Аллоҳ) нинг иродаси билан бўлади. Унинг иродасисиз ҳеч бир нарса амалга ошмайди. Буни яхшилаб, тушуниб олишимиз лозим. Агар ер устида бир чумоли қадам қўйса у сабабли бир заррача қумнинг ўрнидан қўзғалиши ҳам Унинг иродасисиз бўлмайди. Чумоли ёки қум мисолида булардан катта ё кичик ҳар бир нарса Унинг иродаси билан бўлади.  

Сифотининг бирин таквин демишлар, 

Худодин халқа рўзи барча ишлар. 

Яратди ким нечук сизнию бизни,  

Тақи халқ этди бизни феълимизни. 

Агар чандики қўймас эркимизга, 

Берибдур ихтиёри жузъи бизга. 

Муносиб иш эрур ё номуносиб, 

Ани қилмоқға банда бўлди косиб. 

Ўшанча ихтиёри жузъидин боз,  

Топар банда жазо кўп қилса ё оз. 

На ким ризқеки бўлса шайбу боло, 

Яратибдур ани Вожиб Таоло. 

Ҳаромедин ва ле манъ этди бизни,  

Берибдур ихтиёри жузъимизни. 

Худо рози эмас исёнимизға, 

Ризосидур анинг эҳсонимизға. 

Киши рози деса – исён қилурға, 

Аимма ҳукмидур кофир бўлурға. 

Худо зулм этмади ҳеч бандаларға, 

Вале туз йўлни кўрсатди аларға. 

Ўшал халқики туз йўлдин тоярлар, 

Алар ўз жонлариға зулм этарлар. 

Азоб этса бу олам ё у олам, 

Эрур бул адл, эй фарзанди одам. 

Нафссиз халқ эрур ё зи нафсдур, 

Анинг ўз мулкидур ҳеч зулм эмасдур. 

Агар авф айласа, ўз фазлидур ул, 

Будур сидқингу ихлосинг, будур йўл. 

Етар биз омиларға бунча билсак, 

Тутуб маҳкам бўйинсунсак, эгилсак. 

Жамоат аҳли суннат тузган эрлар, 

Дедилар: “Турфа нозикдур бу йўллар”. 

Улуғ йўлни қўюб ўлгунча, эй ёр, 

 Қадам қўйма, тояр ерларға зинҳор. 

Сизни-ю бизни яратган Аллоҳ феълимизни ҳам Ўзи яратди. Жузъи ихтиёр яъни эркимизни ўз қўлимизга бериб, муносиб (яхши) ишларни ҳам ёки номуносиб (ёмон) ишларни ҳам касб қилувчи қилиб ирода этди. Аммо бизга жузъи ихтиёрни топширган зот ёмонликка рози эмас. Шундай экан, инсон қилган феълига яраша жазоси (яхши ёки ёмон мукофоти) ни олади.  

Кимгаки озми кўпми ризқ ато этган бўлса, уни ҳам Вожиб таъолонинг Ўзи яратгандур. Бироқ, жузъий ихтиёр берган зот ҳаром ризқ ва касбдан бандаларини ман этгандир. Жузъи ихтиёр берилган инсон томонидан содир этиладиган исённинг барча турига У (Аллоҳ) рози эмас. Унинг акси бўлмиш яхши-савоб амалларимизга эса У Вожиб таоло розидур. Шу ерда Аллоҳ журму-исён яъни гуноҳ ишларга рози деб эътиқод қилинса барча имомларимизнинг наздларида куфрга далолат қилингандир. Аллоҳ таоло ҳеч бир махлуқотига зулм этгани йўқ, барча ишининг ортида ҳикмат, розилик, адолат, раҳм каби сифатларининг суврати мужассам. Шу сабаблидан шариат аталмиш Ўзининг йўл-йўриқлари таълимини бердики, банда ушбу шариати ғарро орқали тўғри йўлини топиб, Унинг розилигини топишда фойдалансинлар. Мусанниф шариатни “туз йўл” деб атамоқдалар. Сабаби, таомга туз солиш билан унинг таъми тўғрилангани каби тўғри йўлни тузи шариатдир. Қайси бир яратилмиш шариатдан тояр эканлар улар ўз жонларига зулм этган бўладилар. Эй Одам фарзандлари! Қайси бир бандани Аллоҳ дунё-ю охиратда азобга дучор қилса бу Унинг адолати бўлиб, банданинг қайсидир бир хатоси, гуноҳи, исёни туфайлидан мукофотидир. Нафси йўқ яратилмишлар ёки нафс эгаларининг барчаси Унинг мулки, бу ҳеч зулми эмасдир. Авф этиш ҳам фақат Унинг фазли ила бўлур. Мана шундай эътиқодда бўлиш садоқат, ихлос ва тўғри йўлдир. Юқоридаги Аллоҳ таолонинг якка-ю ягоналиги, зотий ва феълий сифатларининг мазмун –моҳияти каби мазкур маълумотлар Аҳли сунна вал жамоъа мазҳаби эътиқодининг асосий қарашларидан бўлиб, ушбуларни билишимиз, маҳкам тутиб амал қилишимиз, бўйинсуниб, итоатда бўлиб, Аллоҳнинг тавҳиди ва сифатлари хусусида турли бўлмағур хаёл ва ўй-фикрлардан йироқда бўлишимиз лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагича ҳадиси шарифлари мавжуд. Унда “Аллоҳнинг зоти ҳақида фикр юритманглар” дейилган. Сабаби, бу йўлда фақат ва фақат Қуръони карим, Ҳадиси шарифларда мазкур мавзуга доир келган хабарларни тўғридан-тўғри олиб маъно чиқариш, эътиқод қилиш эмас, балки, мазҳаб доирасида муҳокамани ўрганиш, мазҳаб уламолари қайд этган, татбиқ этган матнлардан фойдаланган ҳолда амал қилишга киришишимиз лозим ва лобуд. Акс ҳолда адашиб қолиш, турли бемаза тоифа, оқим, иллатли йўлларга кириб қолиш ҳеч гап эмас. Аллоҳнинг Ўзи бу ҳолатдан барчаларимизни, то қиёмат зурриёдларимизни сақласин! Бу (эътиқод) йўл жуда нозик бўлиб, шунинг учун фиқҳда ҳам, эътиқодда ҳам, тариқатда ҳам албатта, эътироф этилган мазҳаб, эътироф этилган пиру-муршид (устоз) шарт қилинди.  

 

“Ҳазрати имом” жомеъ масжиди муаззини М. Азимов 

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ
МАВЛАВИЙ ҲИНДИСТОНИЙ ДОМЛАНИНГ БОШДАН КЕЧИРГАНЛАРИ
«Билмайман» дейиш илмнинг ярмидир
«Билмайман» дейиш илмнинг ярмидир
Иймон турлари ва мунофиқлик аломатлари
Иймон турлари ва мунофиқлик аломатлари