Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашиш

Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашиш

Инсон вужудининг кичкина бўлаги – тил кўплаб жиноятларга қодир. Уларнинг айрими гуноҳи кабиралар туркумига кирса, айрими кичик гуноҳлардан ҳисобланади. Айниқса, ўйлаб-ўйламай тилдан учган қарғиш-лаънатлаш жуда қимматга тушиши мумкин.
Лаънатнинг маъноси – “Аллоҳ таолонинг даргоҳидан қувилиш”, “Аллоҳдан узоқлашиш” деганидир. Шундай экан, фақат куфр ва зулм аҳлигина “Аллоҳдан узоқлашган” деган сифатга лойиқ. Демак, кофирлар ва золимларнигина лаънатлаш мумкин, шунда ҳам албатта шариатдан чиқмаган ҳолда, чунки, лаънатда хатар бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўп лаънат айтувчи киши мўмин бўлолмайди” деб марҳамат қилганлар, Термизий ривояти. Яна бир ҳадисларида: “Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, “Аллоҳнинг ғазаби бўлсин”, “Жаҳаннам бўлсин” деб бир-бирларингизни лаънатламанглар!” деганлар, Термизий ривояти.
Қайси бир кишида кофирлик, бидъатчилик ва фисқу-фужур билан юриш сифатлари бўлса, шундай киши лаънатга лойиқ ҳисобланади. Бу учта сифатнинг ҳар бири лаънат ким ёки кимларга қаратилишига кўра учга бўлинади:
Биринчиси, умумий сифат билан лаънатлаш. Масалан: “Кофирларга, бидъатчиларга, фосиқларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” – дейилгани каби.
Иккинчиси, хос сифат билан лаънатлаш. Масалан: “Золимларга, зинокорларга, судхўрларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” – дейилгани каби. Шу ўринда битта муҳим жиҳатга эътиборни қаратмоқ лозим. Юқоридаги тоифаларнинг барчаси лаънатга лойиқ. Аммо бидъат аҳлини лаънатлашда хатар бор, чунки, бидъатчини аниқ билиш мушкул иш.
Учинчиси, аниқ бир шахсни лаънатлаш. Масалан: “Фалончига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, у кофир ё бидъатчи ё фосиқ” – дейилгани каби. Бунда ҳам хатар бор. Тўғри, лаънатга лойиқ деб топилган шахслар тарихда мавжуд. Масалан: “Фиръавнга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” ёки “Абу Жаҳлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” – дейилади. Чунки уларнинг кофир ҳолда ўлгани аниқ хабарларда келтирилган. Аммо ҳали тирик бўлган бир шахсни лаънатлаш хатарли. Айтайлик, “Фалончига Аллоҳнинг лаънати бўлсин, у кофир!” – деб қўйсак, нотўғри иш қилган бўламиз. Хўш, ўша инсон умрининг охиригача мусулмон бўлмайди деб ким кафолат бера олади?
Азизлар! Ҳаётда икки қарама-қарши томон ўртасини кескинлаштиришда хатар бор, лекин лаънатни тарк этишда эса хатар йўқ! Бировни лаънатлаш ва қарғаш хатарли иш, оғир гуноҳ ҳисобланар экан, атрофимиздаги инсонларни бундай хатарли ишга юзма-юз бўлишларидан қайтаришимиз лозим. Кўча-куйда кўп ҳолларда гувоҳ бўлганимиз, одамлар ўзларини, айниқса аёллар ўзининг фарзандларини, турмуш ўртоғини қарғайдилар. “Одамлар ўзини ҳам қарғайдими?”, деб ажабланманг. Ҳаётнинг ўткинчи оғирликларига дош беролмай ўзига ўлим тилаганлар, “шўрим қурсин”, “Бу кунимдан ўлганим яхши” дея қарғаганларига кўп бора гувоҳ бўламиз. Кўпчилик бу каби сўзларга қарғиш деб қарамайди. Айниқса, аёллар учун бундай дуоибадлар одатий жумлаларга айланиб қолган. Масалан, ўйинқароқ ёш бола ота-онаси учун севимли буюмни синдириб қўйса, ота-онаси унга ўйламай-нетмай “Қўлинг синсин” дейди. Ўқ нишонга теккач, соч юлиб йиғлагани билан ўғлининг синган қўл суяги битиб қолармиди? Ёки ювиб, дазмолланган кийимларини кир қилиб, юз-кўзи тирналиб, уйга кириб келган боласига: “Яна йиқилдингми, бало бормиди кўчада?! Бу кунингдан беш баттар бўл!” – дейиш айрим оналар учун одатий ҳолат. Агар айтилганидек бўлиб, бола бу ҳолидан беш баттар аҳволга тушса, нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шундай бўлган тақдирда ҳам она бу ҳолатни ўзининг қарғишидан деб билмайди. “Эй Худо, нега бундай бўлди, қайси гуноҳимиз учун...” – деб кўзёш тўкади.
“Эсинг қурсин”, “Отинг ўчсин”, “Балога гирифтор бўлгур”, “Бетинг қурсин”... Бу сўзлар билан она ўз фарзандига, аёл турмуш ўртоғига, бир инсон иккинчи инсонга қанчалик ёмонликни тилаётганини ўзи ҳам билмайди. “Ожиз инсонмиз, жаҳл чиққанда айтиб юборамизда”, деб ўзимизни оқлашга уринмайлик. Ҳар бир гапимизни ўйлаб гапиришимиз лозимки, хайрли дуоларимиз Аллоҳнинг назаридан четда қолмагани каби ҳар бир ёмон сўзимиз ҳам изсиз йўқ бўлиб кетмайди. Бу хусусида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ўзингиз, болаларингиз, хизматкорларингиз, молларингиз зарарига дуо қилманг, чунки, Аллоҳ талаб қилувчининг талабини берадиган соатга мувофиқ келиб қолишингиз мумкин (қарғишингизни ижобат этиб қўяди)”. 
Уламоларимиз: “Одамлар орасида Аллоҳнинг нафратига энг сазовор киши – дилозор ва лаънатгўй кишилардир”, “Бир инсонни лаънатлаган киши уни ўлдирган билан баробардир” дейишган ва ўзлари ҳам бу борада бизга ўрнак бўлишиб, ёмонлик қилган душманларини ҳақига ҳам ёмон дуо қилмасдан, Яратгандан инсоф беришини тилаб, яхши дуо қилишган.
Шундай экан, ҳар биримиз тилимизни яхши сўзларга ўргатиб, дуоибад қилиш, қарғаш, лаънатлаш каби Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирадиган иллатлардан йироқ бўлиб, доимо яхши дуолар қилиб юрайлик. Зеро, ҳеч бир сўзимиз Аллоҳнинг назаридан четда қолмайди.

 

Кармана тумани “Жалойир”

жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

Сабрнинг фазилати
Сабрнинг фазилати
Ҳалол ризқ
Ҳалол ризқ
Жинлардан шумланиш
Жинлардан шумланиш