18.01.2018 й. Элга хизмат – олий ҳиммат

18.01.2018 й. Элга хизмат – олий ҳиммат

 

بسم الله الرحمن الرحيم

ЭЛГА ХИЗМАТ – ОЛИЙ ҲИММАТ

                                                 (2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”)                                      

الحَمْدُ للهِ الذِّي قَالَ فِي كِتَابِهِ: "تَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِهِ الذِّي قَالَ:"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ" وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَالتَّابِعِيْنَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنْ أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, 2018 йил 28-декабрь куни муҳтарам Юртбошимиз Парламентга мурожаат қилдилар. Ушбу мурожаатномада кўтарилган барча масалалар халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг фаровонлигини зиёда қилишга қаратилди. Унда Юртбошимиз томонидан 2019 йил “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб номланди. Бу эса, 2018 йилда бошланган ишларни мантиқий давом эттириш, юксак босқичларга кўтариш, тадбиркорлик, савдо-сотиқ ишлари ҳамда тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ислоҳотларнинг давоми бўлади. Бошқача қилиб айтганда, 2019 йил жамиятимиз ҳаётида иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ривожланишнинг янги босқичига кўтарилиш йили бўлади, иншааллоҳ.

Муқаддас динимизда ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун   меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган. Чунки, инсон доимо ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқат, рўзғор анжомлари ва кийим-кечакка эҳтиёж сезади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар ва меҳнат қилиш орқали ҳосил бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ ذَلُولًا فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُوا مِنْ رِزْقِهِ وَإِلَيْهِ النُّشُورُ

яъни: “У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб)юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк сураси, 15-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнаткаш ва касб- ҳунарли кимсаларни мақтаб шундай деганлар:

ِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المْحْتَرِفَ"

(رواه الإمام الترمذى)

яъни: “Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).

Киши ўзга юртдан ўз юртидаги мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни жалб қилиши савобли ишлардан экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

الْجَالِبُ مَرْزُوقٌ وَالْمُحْتَكِرُ مَلْعُونٌ

(رواه الإمام ابن ماجة والإمام الدارمي)

яъни: “Жалб қилувчи – ризқи мўл, “эҳтикор қилувчи” – Аллоҳнинг раҳматидан узоқдир” (Имом Ибн Можа ва Имом Доримий ривояти).

Ҳадисдаги “Жалб қилувчи” киши – бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчи тадбиркор инсондир. Демак, бундай кишининг ризқи улуғ бўлади. “Эҳтикор қилувчи” киши эса – ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни сотиб олиб, бироз муддат ушлаб туриб, сунъий равишда нархини орттирувчи монополиячи кишидир. Ундай киши эса ризқ берувчи Зотнинг раҳматидан узоқдадир. Чунки у аҳолини ноилож ҳолга қўйиб, ўзи ишлаб чиқармай ёки бошқа ҳудуддан маҳсулотлар олиб келмай фойда топишга уринган, оддий халқ ҳисобига бойлик орттиришга ўтган кимсадир.

Юртбошимиз мурожаатларида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ҳақида бир қанча долзарб масалаларни гапириб шундай дедилар: “Аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим. Пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарур”.

Давлатимизнинг ижтимоий ҳимоя борасида олиб бораётган сиёсати ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг бу борадаги олиб борган ишларига мувофиқ келади.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу кунларнинг бирида йўлда тиланчилик қилиб ўтирган бир қария яҳудийдан “Нима учун тиланчилик қиляпсиз?”дея сўрадилар. Ҳалиги яҳудий: “Жизя тўлаш учун мол йиғяпман”, деб жавоб қилди. Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу: “Биз сиздан ёшлигингизда жизя олиб, энди қариб-кексайиб қолганингизда тиланчилик қилишга ташлаб қўйибмиз-ку! Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, сизга албатта нафақа берамиз”,дедилар ва қарияга бундан олдин тиланчиликдан тушган нарсаларини эгаларига қайтаришини буюрдилар ва ўша ондан бошлаб барча Ислом ўлкаларига у ерда яшайдиган барча яҳудий ва насороларнинг қария ва ногиронлари, болалари ва аёлларига моддий ёрдам берилсин, деб амр қилдилар (Имом Ибн Занжавийянинг “ал-Амвол” китобидан).

Мусулмонларга ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш иймон келтириш каби савобли ишлардан эканлиги ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради:

 "خَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَفْضَلَ مِنْهُمَا: اَلْإِيْمَانُ بِاللَّهِ، وَالنَّفْعُ لِلْمُسْلِمِيْن

وَخَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَخْبَثَ مِنْهُمَا: اَلشِّرْكُ بِاللَّهِ، وَالضُّرُّ لِلْمُسْلِمِيْن"

яъни: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.

Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади.

Саҳобаи киромлар бунга яққол мисол бўладилар:

“Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саромжонлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”.

Мана шундай тарзда саҳобалар яхшилик қилиш борасида мусобақалашар эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ  деган, яъни: “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Бақара сураси, 147-оят). Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик!

Динимизда киши ўзганинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳожатини раво қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

"مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً

 مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ" (رواه الإمام البخاري) .

яъни: “Ким ўзганинг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда Юртбошимиз бошчиликларида барча соҳа вакилларига, хусусан, тадбиркорлар, тижоратчилар ва инвестиция киритувчиларга ниҳоятда катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. “Бир мўмин-мусулмон мен сабабли ишли бўлиб қолсин”, дейдиган ғайратли кимсаларга барча хайрихоҳ инсонлар раҳмат ва тасаннолар айтмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан унумли фойдаланиб, эл-юртимиз равнақи йўлида жонбозлик қилмоғимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَابْتَغِ فِيمَا آَتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآَخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ

(سورة القصاص: 77 آية)

яъни: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасос сураси, 77-оят).

Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсоннинг фойдаси учун яратди. Шундай экан, инсон ҳам шунча имкониятлардан фойдаланиб Аллоҳнинг буйруқларини бажармаслиги инсофсизлик бўлади.

Ҳурматли жамоат! Мавъизамиз давомида “Таҳорат ва унга тегишли ҳукмлар” ҳақида суҳбатлашамиз. Барчамизга маълумки, динимизда поклик масаласи муҳим ўрин тутади. Таҳорат сўзининг маъноси ҳам “поклик”, деганидир. Таҳоратнинг тўртта фарзи бўлиб, у Моида сурасининг 6-оятида зикр қилингандир:

  1. Юзни ювиш (юзнинг чегараси узунасига – соч чиққан жойдан иякнинг остигача ва энига – икки қулоқ ораси)
  2. Икки қўлни тирсаклари билан ювиш;
  3. Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш;
  4. Икки оёқни тўпиқлари билан ювиш.

Биз таҳоратда йўл қўядиган хатоларнинг энг каттаси бу сувни исроф қилишдир. Одатда, жўмракларни катта очиб қўйилади, таҳорат қилиб бўлгунимизча уч-тўрт кишига етадиган сув оқиб кетади. Сув ўзининг мулки бўлганда исроф қилиш макруҳ бўлса, масжиднинг сувини исроф қилишнинг гуноҳи бундан каттароқ бўлади.

Таҳорат пайтида қўлни қисиб турадиган узуги бўлса қимирлатиб қўйиши шартдир. Қўл-оёқни ювганда тирсаклари ва тўпиқлари билан қўшиб ювиш фарз, акс ҳолда таҳорат дуруст бўлмай қолади.

Ювиш ва масҳ қилиш фарз бўлган мана шу тўртта аъзога сув етишидан тўсадиган нарсаларни теккизмаслик керак, масалан, тирноққа суртилган лак, юз-қўлга теккан қурилиш бўёғи каби. Бундай бўёқларни кеткизмагунча таҳорат ўз ўрнига тушмайди. Таҳорат қилганда кўзнинг ичи ва лабнинг ички (оддий ҳолатда бизга кўринмай турган) қисмини ювиш шарт эмас. Фатво берилган сўзга кўра, қалин соқолнинг усти ювилади. Сийрак соқолнинг остига сув етказилади. Таҳорат қилгандан кейин сочини олдирса, қайтадан масҳ қилиш шарт эмас. Худди шундай, таҳоратдан кейин тирноғини ёки мўйлабини олса ҳам шу жойларни қайтадан ювиш лозим бўлмайди.

Қуйидаги нарсалар таҳоратни синдиради:

  1. Олд ва орқа авратлардан чиқадиган ҳар қандай (одатий ва ноодатий) нарсалар;
  2. Бу икки йўлдан бошқа жойлардан чиққан оқувчи нажосатлар, қон, йиринг каби; (Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда қон чиқиши таҳоратни бузмайди деган, чалғитувчи фикр айланиб қолди. Ўрни келгани учун шу масалага қисқача тўхталамиз. Қон чиқиши таҳоратни бузиши ҳақида бир қанча ҳадислар бўлиб, улардан баъзиларини келтирамиз:

Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бир оқувчи қон сабабли таҳорат қилинади” (Имом Дороқутний ва Имом Ибн Адий ривояти).

Бу ҳақда Эълоус сунан китобида қуйидаги ҳадис келтирилган: “Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Намозда кишининг бурни қонаса, ёки қайт ғолиб келса (оғиз тўлдириб қайт қилса), ёки мазий келса, намоздан чиқади ва таҳорат қилади, кейин изига қайтиб, модомики, гапирмаган бўлса, қолган (намоз)ини тўлиқ қилади” (Имом Абдурраззоқ ривояти)”. Мухтасарул виқоя, Шарҳул виқоя, Ҳидоя, Хулосатул Фатово, Фатовои Қозихон, Фатово Ҳиндия ва бошқа Ҳанафий мазҳабимизнинг барча мўътабар китобларида қон чиқиши таҳоратни бузиши ҳақида очиқ-ойдин маълумотлар келгандир).

  1. Оғиз тўлдириб қайт қилиш;
  2. Бирор нарсага суяниб ухлаш;
  3. Ҳушдан кетиш, жиннилик ва мастлик;
  4. Балоғатга етган кишининг руку ва саждали намозда овоз чиқариб кулиши.

Аллоҳ таоло 2019 – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”ни янада унумли ва баракали қилиб, бошланган хайрли ишлар ва ислоҳотларимизни охирига етказишни насиб айласин! Омин!

ЎХШАШ МАЪЛУМОТЛАР

18.01.2018 й. Элга хизмат – олий ҳиммат
18.01.2018 й. Элга хизмат – олий ҳиммат
16.02.2018 й. Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи кабира
16.02.2018 й. Ўз жонига қасд қилиш – гуноҳи кабира
05.01.2018 й.                ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА
05.01.2018 й. ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА